12:03 / 29.01.2020
3 607

Германия Марказий Осиёга доир муҳим ташаббус билан чиқди

Германия Марказий Осиёга доир муҳим ташаббус билан чиқди
Берлин машварати.
Фото: Германия ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти

Германия томонидан илгари сурилган «Яшил Марказий Осиё» лойиҳаси расман амалга татбиқ этила бошлади. Бу ҳақда 28 январь куни Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас мезбонлигида Берлинда ташкил этилган вазирлар машваратида маълум қилинди.

Халқаро анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Афғонистон ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарияти қаторида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қатнашди. Иқлим ўзгаришларининг Марказий Осиё минтақавий хавфсизлигига таъсири –анжуманнинг марказий мавзуси бўлди.

Дунё океанлари сатҳининг кўтарилиши, саҳроларнинг кенгайиши ва экотизимнинг вайрон бўлиши башарият ҳаётига хавф туғдирмоқда. Иқлим ўзгариши Марказий Осиё ҳамда Афғонистонга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Расмий Берлин томонидан илгари сурилган «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси айнан иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда бу борадаги мулоқотни кучайтиришга қаратилган. Мазкур ташаббус 2019 йил 17 июнда қабул қилинган Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясида белгиланган мақсадлар ижросига ҳам ўзига хос ҳисса саналади.

«Яшил Марказий Осиё» лойиҳаси орқали бу борада минтақавий робиталарини жонлантириш, ўзаро ахборот алмашувини кучайтириш, илмий доиралар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш режалаштирилган.

Берлин анжумани якунида вазирлар иқлим ва хавфсизлик жабҳасида ҳамкорликка оид декларация қабул қилиши кўзда тутилган. Бу эса сув ва ер манбалари, музликлар, биохилмахилликни муҳофаза этиш, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби жабҳаларда миллий ва минтақавий миқёсдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаради.

Таҳлилчиларга кўра, «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси доирасида келгуси тўрт йилда минтақада сиёсий ва илмий доирадаги мулоқотларнинг фаоллашуви кутилмоқда.

Қайд этиш жоизки, Германия бундан аввал ҳам минтақа экотизими бўйича бир қатор лойиҳаларни таклиф этган. Масалан, 2008 йилда илгари сурилган ва «Берлин жараёни» деб аталган ташаббус Орол ҳавзаси сув манбаларини муҳофаза этиш ва барқарор бошқаришга қаратилган эди. «Яшил Марказий Осиё» лойиҳасини амалга татбиқ этишда, табиийки, шу каби аввалги тажрибалар асқотади.

Собир Салим

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Германия Марказий Осиёга доир муҳим ташаббус билан чиқди