date
views 3 886

Халққа ёрдам керак эмас, ҳалақит бермасангиз — бўлди!

Халққа ёрдам керак эмас, ҳалақит бермасангиз — бўлди!
Яқинда твиттерда қирғизистонлик журналистлардан бири Тошкентдан Бишкекка автобусда боргани ҳақида ёзиб қолди. Ёзишича, у автобусда Қирғизистонда ишлаш учун кетаётган ўзбекистонликлар билан бирга кетган. У, айниқса, Қозоғистон чегарасидан ўтаётганда тил билмайдиган ёшларимизга нисбатан чегарачиларнинг муносабатидан дили оғриганини ёзган.

Дарвоқе, Қирғизистонда ишлаш учун Ўзбекистон ва Тожикистондан меҳнат мигрантлари ташриф буюради. Уларнинг аксарияти мавсумий ишларда — қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш соҳаларида ишлашади. Қирғизистонга, норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили 150-200 минг атрофида меҳнат мигрантлари ташриф буюради. Айниқса, чегаралар очилгач Фарғона водийсидаги чегарадош ҳудудлардан кунлик, бир неча кунлик ишлаш учун қатнашлар анча кўпайган.

Шундан бўлса керак, Қирғизистон парламентида меҳнат мигрантлари учун патент жорий қилиш ҳақида қонун лойиҳасини кўриб чиқиш бошланган. Ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, ҳужжат асосан юртдошларимизга қаратилган, деса ҳам бўлади. Қонунга кўра, агар мигрант жисмоний шахслар қўлида, томорқа ёки далалаларда ишласа, 500 сом (7$) атрофида патент ҳақи тўлаши керак бўлади. Агар юридик шахслар ёллайдиган бўлса, корхона 57$, мигрант эса 28,5$ атрофида ҳақ тўлаши керак бўлади.

Кимдир юртдошларимизнинг йўлдаги азобларидан дили оғрийди. Кимдир юртдошларимизнинг узоқ ва яқин юртларда ҳақ-ҳуқуқсиз насибасини териб юрганидан дили оғрийди. Кимдир ғурури топталаётганидан нолийди. Лекин нолишлар, дили оғришлар муаммони ҳал қилганида эди...

Нимагадир халқимизнинг тадбиркорлигига жуда ишонаман. Бу халққа имтиёз, кредит ёки ёрдам керак эмас. Фақат тегинилмаса бўлди. Ўзимизни ҳам боқади, ўзгараларга ҳам сотади. Давлатнинг иш ўринларини яратиш дастурлари эса шунчаки қуруқ гапдан бошқа нарса бўлмай қолди. Балки шунчаки халқимизга умуман халақит бермайдиган тизимни йўлга қўярмиз.

Қобил Хидиров
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Халққа ёрдам керак эмас, ҳалақит бермасангиз — бўлди!
-->