10:16 / 11.02.2020
4 912

Орган ходимларига қарши «ов». МХХ томонидан қамоққа олинган подполковник оқланди

Орган ходимларига қарши «ов». МХХ томонидан қамоққа олинган подполковник оқланди
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Наркотик ва гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўлимида йигирма йилдан ортиқ вақт давомида ҳалол хизмат қилиб келган, кўплаб жиноятларни фош қилган подполковник Хуршид Шукуров Миллий хавфсизлик хизмати ходимининг буйруғини бажармагани учун қилмаган айбига иқрор бўлди, деб ёзмоқда ЎзА.

Ўша йиллар ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган орган ходимларига қарши «ов» кетаётган эди. МХХ ходимларининг аксарияти ўз ваколатларини унутиб қўйганди. МХХнинг айрим ходимлари ҳар қандай оддий масалани ҳам миллий хавфсизликка таҳдид, деб баҳолаб, кўплаб адолатсизликларга йўл қўйган, гуноҳсиз ҳуқуқ-тартибот вакилларига руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказган ҳамда қамаган.

Подполковник Хуршид Шукуров бошидан ўтганларини сўзлаб берди:
– 2012 йилда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Наркотик ва гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўлими бошлиғи лавозимида хизмат қилар эдим, – деди подполковник Х.Шукуров. – Бир куни Тошкент шаҳар Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасида фаолият олиб бораётган Х.Жўраев хизмат хонамга келиб қўлимга бир рўйхат тутқазди. Рўйхатда 5-6 кишининг исм-фамилияси ёзилган эди. У рўйхатдагиларни гиёҳванд модда билан ушлаб, туҳмат қилиб қамашим кераклигини айтди. Ундан рўйхатдагилар наркотик моддаларга алоқаси борми ёки йўқми, деб сўрадим. У «Буёғи билан ишингиз бўлмасин. Сиз рўйхатдагиларни терговгача олиб келиб берсангиз бўлди. Суд, прокуратура билан ўзимиз келишиб оламиз» деб айтди. Мен рози бўлмадим.

Орадан бир ой ўтмасдан 2012 йил 18 январь куни эрталаб ишхонамга борсам Х.Жўраев, И.Гореев ва бир неча МХХ ходимлари мени кутиб турган экан. Улар мени оқ рангли «Нексия» автомашинасига ўтқизиб, Тошкент шаҳар Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасига олиб борди. Бинонинг учинчи қаватига олиб чиқиши билан «Сенлар порахўрсан» деб камситиб, руҳий тазйиқ ўтказди. Қўлларимни қарама-қарши томонга тортиб кишанлаб, 9 соат шу ҳолатда қолдирди.

Нега олиб кетишгани ва қандай асосга кўра сўроқ қилишаётганимни ҳам билмас эдим. Қон босимим кўтарилиб кетди. Дори сўрадим, беришмади. Ўша куни кечқурун 23:00 лар атрофида Х.Жўраев яна олдимга кириб келди.

«Олдингизда иккита вариант бор: Жиноят кодексининг 210-моддаси, яъни пора олганингизни бўйнингизга оласиз. Акс ҳолда уйингизга, хизмат автомашинангизга ёки хизмат хонангизга 1 кг гиёҳвандлик воситасини ташлаймиз, шу билан қамалиб кетасиз».

Наркотик моддалар билан шуғулланганлар, истеъмол қилганларни фош этишда халқимиз асосий манба бўлиб хизмат қилади. Масалан, наркотик моддалар билан савдо қилганларни кимдир кўриб, кимдир эшитиб ички ишлар ходимларига хабар беради. Х.Жўраев ана шундай манбалардан бир нечтасини Х.Шукуровга қарши кўрсатма беришга мажбур қилган. Оқибатда Х.Шукуров икки йўлдан бирини танлашга мажбур бўлган.

– Мен Жиноят кодексининг 210-моддасини бўйнимга олиб, фалончидан 300 минг сўм пора олдим, деб ёзиб бердим, – деди Х.Шукуров. – Шундан сўнг қийноқлар, руҳий тазйиқлар тўхтатилди. Ўша туннинг ўзида Тошкент шаҳар прокуратурасига жўнатди. 2012 йил 21 январь куни халқ орасида «Тоштурма» деб аталадиган 1-сонли Тошкент тергов изоляторига олиб борди. У ерда ҳам турли руҳий ва жисмоний босимлар бўлди. «Тоштурма»нинг 4-корпус ертўласида 5,5 ой азоб чекдим. Менга қарши кўрсатма берганлар билан юзлаштиришмади.

Х.Шукуров 2012 йил 29 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси иккинчи қисми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилди. Жазо муддатини Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги УЯ64/21 жазони ижро этиш муассасасида ўтади.

У туҳмат билан қамалиб, соғлиғидан айрилди. Отасини охирги манзилга кузатиш ҳамда ўз қўллари билан тупроққа қўйиш насиб этмади, туғилган набираларини суйиб бағрига босолмади, боболик нашидасини суриш ўрнига жазо муддатини ўтади. Балоғат ёшидаги ўғли турли ёмон йўлларга кириб кетмаслигини ўйлаб сиқилди. Ўғлини дўстлари «отанг пора олиб қамалган» деб сафига қўшмаслигини, рўзғоридаги кам-кўстлар турмуш ўртоғига қийинчилик туғдираётганини билар ва қаттиқ азобланарди. Фарзандлари соғинчида тунлари ухлолмади. Узун зулмат тунларни тонгга улаб, панжара ортидан қуёш нурларини қарши оларди.

Давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик ислоҳотлари натижасида ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолияти қайта кўриб чиқилди.

Президентимизнинг мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда йўл қўйилаётган камчиликларни очиб ташлаб, прокуратура, суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш соҳасида бошлаган ислоҳотлари туфайли кўплаб ноҳақ қамалган маҳкумларнинг жиноий ишлари қайтадан кўриб чиқилиб, адолат тикланмоқда.

Ўтган 3 йилда 1 минг 989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди.

Х.Шукуров 2018 йил кассация шикояти ёзиб, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига мурожаат қилди. Ниҳоят 2018 йил 20 февраль куни адолат қарор топди.

– Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация ҳайъати судьялари Б.Алимов, З.Нурматов ва М.Турғуновалар аризамни қайтадан ўрганиб чиқиб, менга қўйилган айбловларни асоссиз, деб топди. Менга қарши кўргазма берган гувоҳлар чақирилиб, қайтадан сўроқ қилинди. Гувоҳлар аввалги кўрсатмасини тасдиқламаслигини, ўшанда уларни МХХ ходимлари 15 суткага қамаб қўйиб, менга қарши мажбуран кўрсатма олганлигини айтди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 82-моддаси иккинчи қисми билан оқландим. Ўша онда хаёлимдан ўтганларини сўз билан ифодалаб беролмайман.

Мамлакатимиз суд тизимида адолат ўрнатиб, инсон ҳуқуқларини тиклаётган Президентимиздан жуда миннатдорман. Президентимизнинг сиёсий иродаси, ҳуқуқ-тартибот тизимида олиб бораётган ислоҳотлари сабаб кўплаб маҳкумлар қаторида мен ҳам оқландим. Оила аъзоларим, маҳалла-кўй, хизматдошларим орасида юзим ёруғ бўлди. Хизматга қайта тикланишимда ёрдам берган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбариятига ўзим ва оила аъзоларим номидан чуқур миннатдорлигимизни билдираман. Ҳозирда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тизимида хизматимни давом эттираяпман, унвоним ҳам қайта тикланди, – деган у қувониб.

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди томонидан Х.Шукуровга етказилган маънавий зарар ва иш стажини тиклаш ҳақидаги ҳал қилув қарори чиқарилди. Қарорга мувофиқ Х.Шукуровнинг иш стажи тикланиши, маънавий зарарни қоплаш мақсадида пул тўлаб берилиши чоралари кўрилади.

Адолат-ку ўрнатилибди. Аммо Х.Шукуровга нисбатан туҳмат уюштириб, унга азоб берганлар-чи? Улар қаерда? Айбсизларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан қийнаб бу ҳам етмагандек қаматиб юборганлар ўз жазосини олдими?

Х.Шукуровнинг айтишича, унга туҳмат қилган МХХ ходимлари Х.Жўраев, И.Гореев ва бошқаларнинг кейинги ҳаёти ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Ўйлаймизки, қайси тизимда, қандай лавозимда ишлаган ёки ишлаётган бўлишидан қатъи назар Президент сиёсатига қарши чиқиб, кўплаб ҳалол инсонларнинг устидан ноқонуний «ҳукм» чиқарган амалдорлар қонунда белгиланган жазосини олади.

Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасига алоҳида урғу бериб, «Судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир. Мен, Президент сифатида, судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди» деган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Орган ходимларига қарши «ов». МХХ томонидан қамоққа олинган подполковник оқланди