00:12 / 16.02.2020
3 631

Математика фани бўйича дарсликлар янгиланади

Математика фани бўйича дарсликлар янгиланади
Сўнгги йилларда илм-фан соҳасидаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича замонавий механизмларни жорий қилиш, фанни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, янги илмий муассасалар ва йўналишларни ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йил 31 январь куни илм-фанни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган йиғилишда республикада азалдан ривожланаётган илмий мактаблар салоҳиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш вазифаси топширилди.

Ушбу топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлигида Математика фанини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Йиғилишга Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Марказий банк, тижорат банклари, олий таълим муассалари, илмий ташкилотлар вакилларидан тузилган ишчи гуруҳлар аъзолари иштирок этди.

Шунингдек «Telegram» ижтимоий тармоғида ташкил этилган “Миллий математика” гуруҳига аъзо бўлган ташаббускор олимлар, докторантлар ва талабалар ишчи гуруҳларда қатнашиши ва таклифларини математика соҳасидаги илм-фанни ривожлантириш ҳамда таълим жараёнини такомиллаштиришда жорий қилиш ташаббусини билдирдилар.

Муҳокамада мактаб ўқувчилари учун математика фанидан оддий ва тушунарли тилда ёзилган дарсликларни ва ўқув қўлланмаларни яратишга қаратилган изчил чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳ аъзоларига мактаб дарсликларини танқидий кўриб чиқиб, дарсликлардаги хато ва камчиликларни белгилаш, дарсликларни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд ва Наманган вилоятларида Фанлар академиясининг Математика институти бўлинмаларини ташкил этиш бўйича кўриладиган ишлар таҳлил қилинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари математика фанини ривожлантиришга қаратилган турли чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши бўйича қилинаётган ишлар юзасидан маълумот бердилар. Хусусан, 2020 йил давомида математика фани бўйича ўқувчи, талаба ва ўқитувчилар ўртасида турли номинациялар бўйича танловлар ўтказилиши; ҳар бир туман марказида фаолият олиб бораётган мактаблар негизида биттадан математика фанига ихтисослашган мактабларни ташкил этилиши режалаштирилган. Мазкур мактабларда фаолият кўрсатадиган ўқитувчиларга қўшимча устама ҳақлари тўлаш масаласи ҳам ўрганилмоқда.

2020 йилнинг якунига қадар эса математика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаштириш тизими жорий этилади. Бундан ташқари, Президент ва ижод мактаблари, туман марказларидаги ихтисослашган мактабларга таниқли математик-олимлар бириктирилади.

Шу билан бирга қатор вазирлик ва идоралар, хусусан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш вазирлиги, Давлат тест марказида ҳам махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилаётгани маълум қилинди ва ҳамкорликда математика соҳасидаги ишларни бирдамликда амалга оширишга келишиб олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Математика фани бўйича дарсликлар янгиланади

Жамият янгиликлари