16:08 / 28.02.2020
3 990

Мактабларда вариатив ўқув режалар доирасида мажбурий фанлар сони 9тага оширилди

Мактабларда вариатив ўқув режалар доирасида мажбурий фанлар сони 9тага оширилди
Жорий йилнинг 20 февраль куни халқ таълими вазири Шерзод Шерматов “Халқ таълими вазирининг 2019 йил 28 декабрдаги 405-буйруғи билан тасдиқланган умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш бўйича тавсияга ўзгартиришлар киритишлар тўғрисида”ги буйруғини имзолади.

Вазирлик хабарига кўра, 2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, тажриба сифатида 10-11-синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланди. Тажриба синов 2019-2020 ўқув йили якунига қадар ўтказилади.

Вариатив ўқув режаларини жорий қилишдан мақсад ўқувчиларнинг ўзи қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришини таъминлаш ва юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишдан иборат.

Вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрий бўлиб, мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади.

Ҳужжатга кўра, вариатив ўқув режалар доирасида мажбурий фанлар қаторига чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани киритилмоқда.
Аввал она тили ва адабиёти, ўзбек тили/рус тили, чет тили, тарих, математика, информатика, маънавият асослари (тарбия), жисмоний тарбия фанлари мажбурий фанлар қаторида ўқитилар эди.

Яна бир мажбурий фаннинг жорий этилиши натижасида танлов фанларига ажратилган соатларга ўзгартиришлар киритилди.
Эндиликда мажбурий фанларга ажратилган соатларнинг миқдори таянч ўқув режада белгиланган миқдордан — 10-синфда жами 20,5 соатдан, 11-синфда 21 соатдан — кам бўлмаслиги лозим (аввал 10-синфда жами 19 соатдан, 11-синфда 19,5 соатдан).

Танлов синфида танлов фанлари учун ҳафтада 10-синфда жами 9,5 соат (аввал 11 соат), 11-синфда 10 соат ажратилади.
Танлов синфида танлов фанлари учун ажратилган соатларни йўналишлар бўйича тегишли фанлар учун қуйидагича тақсимлаш тавсия этилади:

Хорижий тил ва филология йўналишида: 10-синфда “Чет тили” фани 4,5 соат, “Она тили ва адабиёти” фани 5 соат, 11-синфда “Чет тили” фани 4 соат, “Она тили ва адабиёти” фани 6 соат ўқитилиши мумкин;

Молия – иқтисод йўналишида: 10-синфда “Математика” фани 5 соат, “Чет тили” фани 4,5 соат, 11-синфда “Математика” фани 5 соат, “Чет тили” фани 5 соат ўқитилиши мумкин;

Технология йўналишида: 10-синфда “Математика” фани 3,5 соат, “Физика” фани 6 соат, 11-синфда “Математика” фани 4 соат, “Физика” фани 6 соат ўқитилиши мумкин;

Табиий фанлар йўналишида: 10-синфда “Биология” фани 4,5 соат, “Кимё” фани 5 соат, 11-синфда “Биология” фани 5 соат, “Кимё” фани 5 соат ўқитилиши мумкин;

Гуманитар йўналишида: 10-синфда “Тарих” фани 4,5 соат, “Она тили ва адабиёти” фани 5 соат, 11-синфда “Тарих” фани 5 соат, “Она тили ва адабиёти” фани 5 соат ўқитилиши мумкин.

Мактаблар имкониятини ҳисобга олган ҳолда январь ойи давомида ўқувчилар орасида ўтказилган сўровномалар натижасига кўра вариатив ўқув режалар республика бўйича жами 627 та (мактабларнинг умумий сонига нисбатан — 6,3 фоиз) умумий ўрта таълим мактабларида тажриба-синовдан ўтказилмоқда.

Мазкур мактабларнинг 10-11-синфларида жами 1 035 та (10-11 синфларнинг умумий сонига нисбатан 2,8 фоиз) танлов синфлари (10-синфларда 565 та, 11-синфларда 470 та) ташкил этилди.

Мазкур синфларда жами 27 166 нафар (10-синф: 15 477 нафар, 11-синф: 11 689 нафар) ўқувчи таълим олмоқда.
Сўровнома натижаларига кўра, ижтимоий-гуманитар йўналишида 328 та танлов синфи ташкил этилди ва уларда 8 785 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Молия-иқтисод йўналишида 6 106 нафар ўқувчи ўқиш истагини билдирди. Натижада, 251 та танлов синфи ташкил этилди.
Хорижий тил ва филология йўналишидаги 195 та танлов синфида 5397 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Табиий фанлар йўналишидаги 134 та танлов синфи ташкил этилди ва уларда 3473 нафар ўқувчи қабул қилинди. 3 405 нафар ўқувчилар технология йўналишидаги 127 та танлов синфларда билим олмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мактабларда вариатив ўқув режалар доирасида мажбурий фанлар сони 9тага оширилди