08:33 / 04.03.2020
4 944

Наманганга кириб келган хитойликлар «дўконларда бозор-ўчар қилиб юргани» тасдиқланмади

Наманганга кириб келган хитойликлар «дўконларда бозор-ўчар қилиб юргани» тасдиқланмади
Фото: Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Уйчи туманига бир гуруҳ хитойликлар кириб келгани ва дўконларда бемалол бозор-ўчар қилиб юргани ҳақида маълумотлар тарқалди. «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев вазиятга ойдинлик киритди.

Маълум бўлишича, жорий йил февраль ойи охирида чиндан ҳам 5 нафар Хитой фуқароси Дубай ва Москва орқали аввал Тошкент, сўнг Наманганга келган. Маҳаллий аҳоли бундан хабар топгач, коронавирус тарқалиши хавфидан ташвишга тушиб, мутасаддиларга норозилигини билдирган.

Фото: Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизматига раҳбари Муҳаммадали Қамбаровнинг айтишича, ҳолатни ўрганиш учун туман ҳокими Муҳаммадаюб Апақов бошчилигида сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузилган. Ушбу ишчи гуруҳ 2 март куни хитойлик мутахассислар меҳнат қилаётган корхоналар жойлашган Ахси қишлоғидаги «Юксалиш» маҳалласига борилган. Саноат корхоналаридаги вазият ўрганилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари кўздан кечирилган.

Фото: Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Шундан сўнг маҳалла фаоллари ва мурожаатчилар иштирокида мулоқот ўтказилиб, ҳудуддаги вазият, тиббий назорат бўйича маълумот берилган, аҳолини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилган.

Уйчида овоза бўлган хитойликларнинг 3 нафари «Нафис чарм» МЧЖда фаолият олиб боради. Хорижий капитал иштирокидаги ушбу корхона улушининг 37 фоизи хитойлик инвесторга тегишли.

Умиджон Отамирзаев. Фото: «Дарё»
— Ижтимоий тармоқларда тарқалганидек, хитойлик ишчилар бирданига Наманганга кириб келгани йўқ. Тери маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхонамиз 2011 йил февралида фаолиятини бошлаган бўлса, Ванг Зхонг ўша йили августида келган. Укаси Ванг Жин 2016, Зханг Хаопинг эса 2012 йилдан бери ишлаб келяпти, — дейди корхона иш бошқарувчиси Умиджон Отамирзаев. — Уччалови ҳам технолог: жиҳозларимизга қарайди, маҳсулот сифатини назорат қилади. Анчадан бери шу ерда бўлгани учун ўзбек тилини ҳам ўзлаштириб олган. «Бемалол бозор қилиб юрган экан» деган гаплар нотўғри, чунки бунга ҳожат йўқ. Алоҳида ётоқхона қилиб берилган, барча керакли нарсаларни ўзимиз олиб келиб берамиз.

Умиджон Отамирзаевнинг айтишича, ўтган йили Хитой, Туркия ва Украинага 7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган салкам 200 кишилик корхона учун бундай малакали мутахассислар керак. Улар ўтган йили 25 декабрь куни ватанига таътилга кетиб, қарийб 2 ой давомида ортига қайтолмаган пайт ишлаб чиқариш ҳам тўхтаб қолган. Корхона куни кеча, 2 март куни ўз фаолиятини тиклаган.

Фото: Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Рустамжон Ҳамроқуловга кўра, Хитой фуқаролари Дубай, Москвада ва Тошкент халқаро аэропортида тиббий кўрикдан ўтказилган. Иш жойига етиб келган куни тиббий кўрувдан ўтказилганда соғлом эканликлари тасдиқланган ва 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

Шу ҳудудда яшовчи фуқароларнинг эътирозларидан сўнг вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ишчи гуруҳи томонидан 2020 йил 2 март куни мазкур 5 нафар хорижий фуқародан вирусология лабораториясида текшириш учун намуналар олинган. Текширув хулосаларида мусбат натижалар аниқланмаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наманганга кириб келган хитойликлар «дўконларда бозор-ўчар қилиб юргани» тасдиқланмади