date
views 4 963

Раддия: Фуқаро Н.Абдуллаеванинг ижтимоий тармоқдаги йўллаган мурожаати бўйича

Раддия: Фуқаро Н.Абдуллаеванинг ижтимоий тармоқдаги йўллаган мурожаати бўйича
Фуқаро Н.Абдуллаева Телеграмдаги @quvasoyliklar каналида адолат сўраб Президентимизга йўллаган мурожаатида, гўёки ўзига тегишли бўлган тилло тақинчоқларни божхона ходимлари ноқонуний тарзда олиб қўйишганлиги, Қува туман маъмурий суди ишни атрофлича кўрмасдан ва уни эшитмасдан қарор қабул қилганлигини баён қилган.

Ваҳолонки мазкур иш бўйича ҳуқуқбузар сифатида ўтган Н.Абдуллаева 2019 йилнинг 23 октябрь куни соат 19:00 ларда Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига чегара божхона пости орқали шампунь идишига яширилган 63,22 грамм бўлган 6 дона узук ва 14 жуфт сирғалар борлиги аниқланган ва божхона ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 22721 – моддаси билан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилган.

Ушбу маъмурий иш Қувасой шаҳар маъмурий судида кўриб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 1-қисми билан (маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса) иш юритишдан тугатилиб, тилло тақинчоқлар, Қувасой шаҳар мажбурий ижро бюроси ҳодимлари томонидан Н.Абдуллаевага қайтарилган.

Қувасой шаҳар прокуратурасининг 6 январь 2020 йил кунги кассация тартибида келтирган шикояти асосида ушбу иш Фарғона вилоят маъмурий судида кўриб чиқилган ва Қувасой шаҳар маъмурий судининг 21 ноябрь 2019 йил кунги қарори бекор қилинган ҳамда ушбу иш янгитдан кўриш учун Қува туман маъмурий судига юборилган.

Шу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.02.2018 йил кунги “Жисмоний шахслар томонидан божҳона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-3512-сонли қарорида “Қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларини божхона орқали пиёда олиб ўтилаётган нарсанинг умумий қиймати 300 АҚШ долларидан ошмаслиги белгиланган”.

Н.Абдуллаева шампунь идишга солиб божхона назоратидан яшириб олиб ўтаётган тилла тақинчоқларнинг умумий қиймати 10 621 000 сўмни ташкил қилган. Судда, аниқланишича Н.Абдуллаева суриштирув давомида ҳақиқатдан ҳам 63,22 грамм тилло тақинчоқларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига сотиш учун олиб кирганлиги ҳақида баён қилиб, пушаймонлигини билдирган.

Бундан ташқари Божхона ходимларининг бир неча маротаба яширилган буюмларни тақдим қилиш ҳақидаги таклифи бўйича “ҳеч қандай буюм” лар мавжуд эмаслигини бир неча маротаба такрорлаган. Шундан сўнг Н.Абдуллаевани шахсий кўрикда ўтказиш учун божхонанинг аёл ходимаси Д.Охтаевани жалб қилган, шундан сўнг Н.Абдуллаева ўз ихтиёри билан халатининг енгида бўлган шампунь идиш ичида бўлган тилло тақинчоқларни тақдим қилиб, пушаймонлигини билдирган.

Судда Н.Абдуллаеванинг ҳуқуқбузарлиги, яъни Ўзбекистон Республикаси Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни божхона назоратидан яшириш, яъни хуфядонлардан ёки товарларни топишни қийинлаштирадиган бошқа усуллардан фойдаланиш ёхуд бир товарни бошқа товарга ўхшаш қилиб қўйиш моддаси билан кўриб чиқилган.
Ушбу ҳуқуқбузарлик учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима белгиланган.

Қува туман маъмурий суди, Н.Абдуллаеванинг қарамоғида 4 нафар фарзанди борлигини ва оилавий шароитини инобатга олиб жазо санкциясида белгиланган энг кам жазодан ҳам камроғини (669 000 сўм) тайинлаб, 10 621 000 сўмлик тилло тақинчоқларни давлат фойдасига ундиришни лозим топган.

Қува туман маъмурий суди томонидан ушбу қарор Замин.уз сайтига маълумот учун юборилган ва сайтда эълон қилинган.
Қува туман маъмурий суди томонидан Н.Абдуллаевага қарор нусхаси ўз вақтида тақдим қилинган, қабул қилинган қарор мазмуни, юқори турувчи судга шикоят қилиш ҳуқуқлари батафсил тушунтирилган.

Қува туман
маъмурий суди раиси
А.Жумаев
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Раддия: Фуқаро Н.Абдуллаеванинг ижтимоий тармоқдаги йўллаган мурожаати бўйича