
Бугун Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан Янгийўл шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ташкил этилди.
Тадбиркорлик субъекти ва ОАВ вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг ўзгаришлари, хусусан, таҳлика-таҳлил дастурининг афзалликлари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Ушбу дастур фаолият кўрсатаётган барча хўжалик юритувчи субъектларини муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил йўлак, сариқ йўлак, қизил йўлак) ажратади.

Яъни, хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади.
Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади. Уларга молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилмайди.
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан эса, солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади. Ўз-ўзидан аниқки, бундай корхоналар доимий назоратда бўлади.
Тадбир давомида «Welltex» корхонаси раҳбари Обид Абдувалиевнинг камерал солиқ текширувини ўтказиш тартиби юзасидан берган саволига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

Жумладан, камерал солиқ текширувини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи бўлиши шартлиги, шу билан бирга, камерал солиқ текшируви доирасида солиқ органининг мансабдор шахсига солиқ тўловчидан маълум бир солиқни ҳисоблашнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқи берилиши ва камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмаслиги, лекин пеня ҳисобланиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтилди.
Шунингдек, таҳлика-таҳлил дастурининг инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда ишлаши ва ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилиши аҳолига кенг тушунтирилди.
Тошкент вилояти ДСБ матбуот хизмати
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар