date
views 4 874

Карантин пайтида иш ҳақи тўланадими?

Карантин пайтида иш ҳақи тўланадими?
Бутун дунё ҳаловатини ўғирлаган COVID-19 коронавируси минг афсуслар бўлсинким, мамлакатимиз сарҳадларига ҳам кириб келди. Бу ўз навбатида юрдошларимизда турли саволларни пайдо қилмоқда. “Коронавирус ойлигимизга таъсир қиладими?”, “Таълим ва тарбия муассасалари ёпилган бўлса, ишга борамизми?”, “Маошимиз қандай тўланади”, “Ўқишимиз ёпилди, энди биз амалиётга бормаймизми?” каби саволлар туғилмоқда.

Бу вазиятда аввало, инсон ўз хотиржамлигига эришиши керак. Ўз соғлиғига беъэтибор бўлмасдан, тавсия этилган кўрсатмаларга амал қилган ҳолда санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилишлари мақсадга мувофиқ. Агар Сизда муаммо пайдо бўлса, албатта 1003 телефони орқали коронавирус бўйича ягона қўллаб-қувватлаш тармоғига мурожаат қилинг. Сизга ёрдам келишини кутинг. Имкон қадар оммавий тадбирларда иштирок этманг, умумий овқатланиш жойларидан фойдаланманг.

Шу билан бирга, ваҳима билан савдо дўконларидан керак ва нокерак маҳсулотларни олишга шошилманг. Бундан айрим “учар савдо ходимлари” ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишлари мумкин. Тутуриқсиз миш-мишлар таъсирига тушманг, дорихоналардан турли хил дори-дармонларни сотиб олаверманг, худди охирзамон келадигандек, озиқ-овқат заҳирасини тўпламанг! Эътиборингизни шахсий гигиенага қаратинг, сифатли овқатланинг, витаминлар қабул қилиб, иммунитетингизни кўтаринг ва яхши ҳаёт кечиринг!

Энди юқорида фуқароларда пайдо бўлаётган саволларга тўхталиб ўтсак. Меҳнат кодексининг 219-моддасидага асосан ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўради. Агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Меҳнат кодексининг 285-моддасида эса, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан, турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

Бундай нафақа меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг 60 фоизидан 100 фоизигача миқдорда тўланади.

Нафақанинг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

Қонунчиликка асосан, карантин вақтида мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин 14 календарь кунидан ошмаган муддатга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки унинг жойлардаги бошқармалари рухсати асосида эпидемиолог ёки санитар врач томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Шу варақага эга бўлганларнинг ишга бормагандаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланиши керак.

Фуқаролардан яна бир илтимос шундан иборат бўлардики, ахборот олаётганда унинг расмий манбасига эътибор қаратинг. Ҳозирги ахборот асрида турли манфаатли кишилар Сизнинг ваҳимага берилишингиздан фойдаланиб қолиши мумкин.

Тиб қонунлари асосчиси, улуғ бобомиз Абу Али ибн Сино айтади: "Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир".

Ҳуқуматимиз томонидан барча ҳудудлар коронавирусни текшириш учун асбоб-ускуналари, тест воситалари ҳамда ҳимоя воситалари билан таъминланди. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг!

Нодир Жумаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
иқтисод фанлари доктори, профессор
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Карантин пайтида иш ҳақи тўланадими?
-->