15:28 / 24 марта 2020
3 549

Ўзбекистонда коронавирус қандай тарқалди? Мутахассис тафсилотларни маълум қилди

Ўзбекистонда коронавирус қандай тарқалди? Мутахассис тафсилотларни маълум қилди
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, Бош санитария врачи Баҳром Алматов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Мутасадди Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ тафсилотларни ошкор қилди.

— Ҳорижда вирус билан касалланган фуқаромиз юртимизга қайтиб келгандан сўнг 35 киши иштирокида байрам қилган. Улардан 13 нафарида бугунги кунда касаллик қайд этилган.

Бемор самолётда учиб келиш чоғида 250 одам билан мулоқотда бўлган. Ўзбекистонга етиб келгандан сўнг шахсий автомобилда бирга ўтирган оила аъзоларига касаллик юқтирган. Шунингдек иш жойида ҳам 80 нафар ходим ва 42 нафар бемор билан мулоқотда бўлган.

Занжир давом этган. Хусусий касалхонада ишлаган ходимлар уйига борган, дўконга борган, бозорга чиққан. Бу жараён давомида жуда кўп одамлар билан мулоқотда бўлган.

Касал аниқлангач, ташхис қўйилгандан сўнг зудлик билан оила аъзолари, иш жойидан касаллик юқиши мумкин бўлган контингент аниқланиб, карантинга жойлаштирилди. Улар кунига икки маҳал тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик борлиги текширилмоқда.

Текширув жараёнида биринчи бемордан коронавирус юқтирган одамлар аниқланиб, уларни даволаш чоралари кўриляпти.

Айнан шу сабабга кўра Давлат томонидан ҳаракатланиш чекланмоқда. Барча кўрилаётган чора-тадбирлар аҳолининг ўзаро мулоқотини тўхтатишдан иборат. Сабаби, касал бўлган одам билан мулоқотдан сўнг инфекция тарқалиши эҳтимоли юқори, — деди Баҳром Алматов.

Мутахассис томонидан таъкидланишича, Ўзбекистонда 20 ёшли қиз коронавирус касалига чалинган. Аммо унинг яқинлари, қариндошлари ва танишларидан ҳеч ким хорижга чиқмаган ва таълим жараёнида вирус юқтириб олган. «Бу ҳолат барчамизни хушёр бўлишга чақиради», — дея таъкидлади Баҳром Алматов.

Эслатиб ўтамиз, бугундан эътиборан Тошкент шаҳрига олиб кирувчи постлар ёпилди. Шунингдек Фарғона водийси вилоятларига олиб борувчи йўл ҳам ёпилган ва фақат бошқа вилоятларда истиқомат қилувчи фуқаролар водийдан чиқиб кетиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)