21:47 / 23.04.2020
4 045

Эртага – Рамазоннинг илк куни. Қуръон ва раҳмат ойи жумла мўмин-мусулмонга муборак бўлсин!

Эртага – Рамазоннинг илк куни. Қуръон ва раҳмат ойи жумла мўмин-мусулмонга муборак бўлсин!
24 апрелдан дунёнинг аксар мамлакатлари сингари Ўзбекистон мусулмонлари ҳам фазилатли ой – Рамазон рўзасини тутишни бошлайди.
Шу билан бирга, бу йилги Рамазон ойи аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши билан тарихда қоладиган кўринади. Дунёнинг деярли барча мамлакатларига кириб борган COVID-19 пандемияси боис барча давлатларда карантин чоралари кўрилди. Вақтинчалик чоралар сифатида жамоат ва таровиҳ намозларининг масжидларда ўқилмаслиги юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг фатвоси қабул қилинди.

Шунга қарамай, ўзбекистонлик мўмин-мусулмонлар бу йилги Рамазонни ўзгача тароватда, оилада даврасида хурсандчилик билан ўтказишади, деб умид қиламиз. Шу боис, ўйлаймизки, бу йилги Рамазонда инсонлар бир-бирларига янада кўпроқ меҳр-мурувватли бўлишади.

Гарчи масжидларда хатми Қуръонлар бўлмаётган бўлса-да, онлайн хатмлар ташкил этилиши эълон қилинди. Шунингдек, Рамазон ойи рўзаси учун ажр-мукофотни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмаслиги ҳақидаги ҳадиси-шарифни яна бир бор эслаб ўтсак, фойдадан холи бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-муборакда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Одам боласининг ҳар бир яхши амалига ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка 10 баробардан то 700 баробаргача савоб берилиши мумкин. Аллоҳ айтадики: илло, рўза бундан мустаснодир. Чунки рўза Мен учун ва унга Ўзим ажр бераман. Рўзадор Мени деб шаҳвати ва таомидан воз кечади. Рўзадорга икки марта шодлик бор. Бири ифторлик чоғида, иккинчиси Роббисига йўлиққан чоғда...», деб марҳамат қилганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Азизлар, кириб келаётган мана шундай улуғ кунлар, улуғ дақиқалар барчамизга қутлуғ бўлсин.
Барчамизнинг ҳар бир кунимиз хайр, фазилат ва барокатларга тўла бўлсин! Дунё аҳлига келган коронавирус балоси тезроқ даф бўлишини сўраб қоламиз!

Моҳи Рамазон ойида адо этилажак ибодатлар қабул бўлишини, қилинган дуолар мустажоб этилишини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраб қоламиз.
Қалбларимиздаги иймон янада зиёда бўлсин, хонадонларимиздан қут-барака аримасин, ватанимиз янада обод, халқимизнинг турмуши янада фаровон бўлсин!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эртага – Рамазоннинг илк куни. Қуръон ва раҳмат ойи жумла мўмин-мусулмонга муборак бўлсин!