Сергелида янги қурилаётган масжидда ёнғин чиқди

Бугун, 2 октябрь куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги янги қурилаётган масжид биносида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса масжиднинг гумбаз қисмида юз берган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, соат 08:47 да Янгиҳаёт тумани, Сергели 4-даҳасида жойлашган янги қурилаётган масжид биносининг гумбаз қисми тутаётгани ҳақида Фавқулодда вазиятлар хизматига хабар келиб тушган.
Шундан сўнг қутқарув экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб борган. Тезкор ҳаракатлар натижасида вазият Тошкент шаҳар ФВББ томонидан тўлиқ назоратга олинган.
Маълум бўлишича, ёнғин оқибатида масжид биносининг гумбаз қисмидаги пенополиуритан материаллари ёниб, зарарланган. Қутқарувчилар томонидан кўрилган чоралар натижасида ёнғин соат 12:04 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳозирда ҳодиса оқибатлари ва етказилган зарар билан боғлиқ маълумотлар ўрганилмоқда. Расмий маълумотга кўра, ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.






























Изоҳлар 0
…