
Баъзи ҳамюртларимизнинг гап-сўзларига эътибор бериб, раҳматли Ҳожибойнинг “ҳали бизда қанча ишлатилмаган каллалар бор” деганлари эсимга тушиб кетади.
Ростданам, нега “калла”ни ишлатмаймиз? Ёки эринамизми? Биргина мисол, баъзи олтмиш ёшлиларни-ку айтмай қўяверай, эллик, ҳатто қирқ ёшга кирган одамлар ҳам сенсорли телефон ишлатишмайди. Гап телефоннинг қимматлиги ва ўша одамнинг пули йўқлигида эмас, дангасаликда, илм, билим олишга, ўрганишга бўлган қунтсизликда.
“Э-э, бунақа телефонга ақлимиз етмайди, бизга манавиям бўлаверади”, деб тугмачали, резинка билан “мустаҳкамланган” “Нокиа”ни кўрсатиб қўяди ака.
Бошқа давлатларда 15-20 йил, ўзимизда 5-10 йил илгари маълум бўлган айрим янгиликларни гапирсангиз ҳам ҳайрон бўлиб қараб турадиганлар бор. Ҳа, энди нима қилсин, телевизор кўрсаям бирор илмий кўрсатувлар кўриш йўқ, дилбузар тамоман сериаллар истило қилган қутига айланган. Шаҳарларда ошна-оғайниларни гапи фақат пул топишнинг йўллари, қаерда чойхонада ўтириш бўлса, қишлоқларда ароқхўрлик ва карта-қимор ўйинлари авжига чиққан.
Майли, бу амакиларни тинч қўяйлик-да, интернетда тарқалган бир маълумотни айтиб ўтай.
Бир докторант қизнинг илмий ишини сув олиб кетибди. Илмий иш қўзёзмада, битта (!) нусхада экан. Тасаввур қиляпсанми, Карл? ХХI асрда, илмий ишини фақат қўлёзмада ёзган одамни кўрганмисиз? Тағин кўчадаги деҳқон амаки эмас, докторантурада ўқийдиган одам. Компьютерда ёзишнинг иложи йўқмиди, боринг ана компьютериниям сув олиб кетсин, тармоққа жойлаб қўйса бўлмасмиди?! Докторлик диссертациясини ёзаётган одамнинг шунга ақли етмайдими?
Гап бу ерда диссертациясини сув олиб кетган қиз ҳақида эмас, халқимизнинг илмга интилмаслигида. Ҳаракати йўқлигида. Замонга ҳамнафас эмаслигида.
Токи биз ўзимизни ўнгламас эканмиз, шу ҳолимизча: “ишлатилмаган каллалар юрти” бўлиб қолаверамиз.
Ҳа, айтганча, қўшнимиз Қозоғистон коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиб, ҳайвонларда синашни бошлади.
Бизда об-ҳаво яхши, гоҳ-гоҳо қаттиқ шамол келиб, жала ёғиб турибди холос...
Ёқуб Умар
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар