date
views 2 519

Қандай инсонлар даврасидасиз?

Қандай инсонлар даврасидасиз?
Сал кам 10 йилдан бери мусофирчиликда юрибман десам ҳам бўлади. Мактаб-интернетда ўқиган давримни ҳам қўшиб ҳисобласа, 15 йилдирки оиламдан мунтазам узоқда яшаб келаман. Шахсий тажрибам ва ён-атрофда кузатганларимдан келиб чиқиб, мусофир ҳаёти ҳақида жуда кўп хулосаларни қилишга улгурдим. Мен олган энг катта дарс шуки, уйдан узоққа чиққанда ҳар қандай инсон учун энг муҳим масала бу – яхши, солиҳ инсонлар даврасига бориб қўшилиш.

Мусофирчилик ҳаётини танлашимизга таълим олиш сабаб бўладими ёки тирикчилик ғамида кетяпмизми, аҳамияти йўқ. Энг муҳими, бизни юксалтирадиган, бизни тўғри ишларга руҳлантириб, ёмон ишлардан қайтариб турадиган ёки камида бизни руҳий, ахлоқий, амалий жабҳаларда орқага тортмайдиган одамларни ошно тутишдир. Биз тез-тез кўришиб, ош-қатиқ бўладиган жамоат бизнинг кейинги ҳаётимизни ва қандай инсон бўлиб шаклланишимизни белгилаб бериши ҳеч гап эмас.

Бу масалага айниқса ёш фарзандини четга жўнатаётган ота-оналар эътиборли бўлсалар яхши. Бир неча йилдан бери умуман бошқа маданият ва дин вакиллари ичида мусофирчаликда юриб, кўп ўзбекистонлик ёшларни кузатяпман. Таъкидлаганимдай, ёшлар қаерга тушишига қараб шаклланяпти. Мактабни битираётган 17-18 яшар болани чет элга чиқаришда жуда ҳам мулоҳазали бўлиш керак.

Айниқса, дунё бўйлаб мавж ураётган ҳозирги “либерализм” замонида! Йиллар давомида қаттиқ назорат остида, ота-онанинг чизиғидан чиқмасдан, шунингдек, мусулмонлар диёрида маълум ахлоқий тамойиллар таъсирида катта бўлган фарзанд хорижий мамлакатга, хусусан, Европа давлатлари, Америка, Япония, Корея каби юртларга борса, кутилмаганда пайдо бўлган “озодлик” уни эсанкиратиб қўяди.

Ўз юртида “номақбул” ҳисобланган кўп ишларнинг эмин-эркин экани уни нафақат ҳайрон қолдириши, балки ўзига жалб қилиши ҳам мумкин. “Мен фарзандимга ишонаман”, деб ишонч билан айтадиган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам, ҳатто ёши ўтиб, сочига оқ оралаган амакилар ҳам бундан ҳимояланмаган. Тажриба шуни кўрсатяпти.

Тушунаман, мусофирчилик ҳаёти осон эмас ва ҳар доим ҳам танлов имконияти бўлавермайди. Хорижда биз учратган диндош ёки юртдошимиз борки, бизни хушнуд қилади, бегоналар орасида яқин қариндошимизни топгандай хурсанд бўламиз ва ўз-ўзидан у билан кўп вақтимизни бирга ўтказамиз. Негаки, истаймизми-йўқми, биз ижтимоий мавжудотмиз.

Ижтимоийлашиш, ён-атрофимиз билан алоқада бўлиш, муроса қилиш яшаш, уларнинг фикр-мулоҳазаларидан таъсирланишга мойилмиз. Яхши маънода ҳам, ёмон маънода ҳам. Аммо гуноҳга мойил одамлар даврасида юрган одам қанчалар эс-ҳуши жойида бўлмасин, агар кундалик ҳаётида шу ишларга тўқнашишда давом этса, кун келиб бу оддий ҳолга айланади.

Бошида қалбида пайдо бўлган ғашлик уни тарк этади ва атрофидаги кўпчиликнинг иши унинг учун ҳам тўғри ва зарурга ўхшаб туюла бошлайди. У ўша ишга қўл уришга аҳд қилганда эса уни тўхтадаган ҳеч ким бўлмайди. Қаердан ҳам бўлсин? Атрофда ҳамма ўша ишни қиляпти-ку. Гап айнан маълум иш ҳақида эмас, бу мисол ўрнида ахлоқсизликнинг ҳар қандай кўринишини тасаввур қилса бўлаверади.

“Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлолмайсан”, деб бежиз айтишмас экан. Кўп дарс оларкан одам мусофирчиликдан. Муҳими амал… Амаллар тош босадиган кун учун айниқса...

Жавоҳир Иззатуллоҳ

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қандай инсонлар даврасидасиз?