09:01 / 24.06.2020
2 537

Фарғонада 22 ёшли йигитнинг вояга етмаган қизни ургани юзасидан жиноий иш очилди

Фарғонада 22 ёшли йигитнинг вояга етмаган қизни ургани юзасидан жиноий иш очилди
Фото: Pickuper UZ / Facebook
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Фарғонада йигитнинг вояга етмаган қизни ургани юзасидан расмий маълумот берди.
Воқеа ҳақидаги пост 22 июнда жабрланган қиз томонидан Facebook’га жойлаштирилган ва унда мазкур ҳодисанинг 31 май санасида содир бўлгани қайд этилган.

Қизнинг айтишича, у хиёбонда кучуги билан сайр қилиб юрган вақтида номаълум йигит унга ножўя қилиқлар қилиб, ҳуштак чалган.
«Орадан бир соат ўтгач, биз томонга 30-40 киши кела бошлади. Ўша нотаниш йигит яна ҳуштак чалиб, мени сўкди. Ёнимга келгач, сочимдан қаттиқ тортди. Бунга жавобан унга тарсаки туширдим. У мени муштлаб ура кетди», — дея ёзган жабрланувчи қиз.

Шунингдек, у йигитнинг зарбалари оқибатида юзидаги иккита суяк синганини билдирган.
«Уч ҳафтадан буён найча орқали овқатланяпман, бўйнимга шиналар қўйилган. Биринчи кунлари сув ҳам ича олмадим, томчи игна орқали глюкоза юборишди. Бўйим 154 сантиметр, мана шундай овқатланишда давом этиб вазним 38 килограммга тушиб қолди. Ўша йигит барчасида мени айбдор қилади, сабаби мен унга қўрс жавоб қайтарганман. Дугонам қутқариб қолмаганида вазият янада оғир тус олиши мумкин эди», — дея ёзган жабрланувчи.

Тергов департаменти хабарида 2020 йилнинг 31 май куни 22 ёшли Н.Қ. Фарғона шаҳридаги И. Каримов номли санъат саройи рўпарасидаги йўлнинг четида ҳаракатланиб кетаётган вақтида шу ерда ит етаклаб кетаётган вояга етмаган қиз Е.К. билан ўзаро гап талашиб жанжаллашган. Н.Қ. қизнинг юз қисмига қўли билан уриб тан жароҳати етказган. Қиз тан жароҳатлари олиб касалхонага тушган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасида Е.К.нинг танасида юзининг ўнг томонидаги юмшоқ тўқималар лат ейиши, пастки жағ суягини ўнг бурчаги соҳасидан синиб силжиши каби жароҳатлар аниқланиб, соғлиқнинг узоқ муддатга бузилишига олиб келадиган ўртача оғирликдаги шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган.

2020 йил 16 июнда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Н.Қ. га Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган, яъни Н.Қ. ўзи билан бирга 30-40 нафар танишларини йиғиб келгани ҳақидаги гап-сўзлар, у Е.К.ни урган вақтида кўпчилик уни орқасида тўпланиб турганлиги ҳақидаги маълумотлар, жабрланувчи ҳамда бошқаларнинг барча важлари тергов жараёнида тўлиқ текширилиб, ҳуқуқий баҳо берилади.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўла ва холисона ўтказилиши Тергов департаменти томонидан алоҳида назоратга олинди, дейилган хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада 22 ёшли йигитнинг вояга етмаган қизни ургани юзасидан жиноий иш очилди