07:30 / 02.07.2020
1 595

Қашқадарёда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди

Қашқадарёда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қашқадарёда коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.
«Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ. шу йилнинг 7 июнь куни Тошкент вилояти Янгийул туманига бориб, 12 июнь куни Тошкент-Қарши тезюрар (Афросиёб) поездида яшаш манзилига қайтган. Орадан уч кун ўтиб, яъни жорий йилнинг 15 июнь куни тана ҳарорати кўтарилган ва у узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.

Бемор (эркак киши) бундан аввал, охирги 5 йил давомида қандли диабетнинг оғир кечиши ташхиси билан диспансер назоратида туриб, даволаниб юрган.

29 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли шифокорга кеч мурожаат қилгач, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимацияга бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган.

Мутахассислар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ўзбекистонда қаторасига тўртинчи кун коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмоқда ва энди вирус қурбонлари сони 27 нафарни ташкил этмоқда. Шу вақтгача Тошкентда 14, Наманганда 4, Самарқандда, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона ва Бухорода биттадан ўлим рўй берганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)