15:03 / 08.07.2020
4 140

ССВ Тошкентда коронавирус оғир кечаётган бемор аҳволини намойиш этди (видео)

ССВ Тошкентда коронавирус оғир кечаётган бемор аҳволини намойиш этди (видео)
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволанаётган, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ўта оғир аҳволдаги беморга шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш жараёни акс этган видеони тақдим этди.

«Видеолавҳада гувоҳи бўлганингиздек, сунъий нафас олиш аппаратига уланган беморнинг аҳволи ниҳоятда оғир кечмоқда. Шифохоналаримизда тез-тез юз бераётган бу каби ачинарли ҳолатларни кўп эшитганмиз, аммо бундан ҳамиша ҳам тўғри хулоса чиқаравермаймиз. Вазиятни кўз билан кўрганимизда эса беихтиёр эҳтиёт бўлиш лозимлигини ўйлаб қоламиз.

Беморга тиббий ёрдам кўрсатаётган шифокор қайд этганидек, ушбу 69 ёшли бемор 30 июнь куни оғир аҳволда, тез тиббий ёрдам машинасида клиникага олиб келинган. Беморга коронавирус инфекцияси фарзандлари орқали юққан. Шунга қарамай ўз соғлигига эътиборсизлик билан қараган бемор уй шароитида даволанишга ҳаракат қилган. Натижада, касаллик зўрайиб кетган.

Айни пайтда беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, икки томонлама пневмония билан кечмоқда. Шифокор огоҳлантирганидек, коронавирус инфекциясининг энг ёмон томони, пневмонияни тез ривожлантиради. Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан касалликнинг илк аломатлари сезилган заҳотиёқ, зудлик билан шифокорга мурожаат қилишлари лозимлигини доимий равишда сўраб келади.

Мазкур видеолавҳа барчамизга катта сабоқ бўлиб, шунга яраша карантин қоидаларига қатъий риоя этиш, яқинларимизни, айниқса, кексаларимизни авайлашимиз, ҳар қадамда ҳушёрликни йўқотмасликни доимий одатга айлантиришимиз зарур эканини кўрсатмоқда. Акс ҳолда, видеода акс этган беморнинг аҳволига тушиб қолмаслигимизга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Ўзингиз ва яқинларингиз соғлигига эътиборсиз бўлманг, ҳушёр ҳолда карантин қоидаларига сўзсиз риоя этишни асло унутманг!», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ССВ Тошкентда коронавирус оғир кечаётган бемор аҳволини намойиш этди (видео)