22:50 / 09.07.2020
1 783

Муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонларига мурожаат қилди

Муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонларига мурожаат қилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 10 июлдан 1 августгача қатъий карантин эълон қилиниши муносабати билан мусулмонларга мурожаат билан чиқди.

Барчамиз ҳозир гувоҳи бўлиб турибмизки, коронавирус пандемияси давом этяпти. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу пандемия жуда авжига чиқди. Кеча, 8 июль куни, муҳтарам президентимиз бошчилигида видеоселектор бўлиб ўтди. Шу видеоселекторда ҳам бу гапларни куйиб-пишиб гапирдилар. Булар – халқнинг осойишталигини кўзлаб гапирилган гаплар.

«Бу жуда мураккаб синов ва оғир курашда кўп нарса ўзимизга боғлиқ», дедилар. Ҳақиқатан, бу инсоннинг ўзига боғлиқ. Инсон мураккаб шароитда ўзини сақласа, сабр қилса, қаноат қилса ва кўрсатмаларга амал қилса, бу инсоннинг ютуғи бўлади, бу халқнинг фаровонлиги бўлади. Инсон бир ўзи учун эмас, оиласи учун, бола-чақаси учун, қўни-қўшниси учун, бутун жамияти учун сабр билан катта манфаат келтиради.

Бесабр бўлса ва карантин қоидаларига амал қилмаса, бу бутун жамиятга ва оиласига катта зарар бўлади.

Қатъият ва интизом билан ҳаммамиз жипслашиб, бирга ҳаракат қилиб, буларнинг устидан ғолиб келамиз. Буни одамлар тушуниши керак. Баъзида кўчаларда кўриб қоламиз – карантин қоидларини бузган, ниқобсиз юрган, ижтимоий масофани сақламаган, эътиборсиз бўлган. Ҳеч нарса бўлмагандек, ҳеч нарсани билмагандек. Бу инсоният учун, жамият учун ўта зарар.

10 июлдан бошлаб карантин қоидалари яна қатъийлашяпти. Ўз-ўзидан маълумки, карантиннинг барча соҳаларга таъсири бўлади. Жумладан, масжидларимиз фаолияти ҳам вақтинчалик, 1 августгача тўхтатиб турилади. Мўмин-мусулмонлар бу ҳолатни тўғри тушунишлари, тўғри қабул қилишлари керак. Интизомга риоя қилиш керак.

Ҳудудлар яшил бўлганда масжидлар очиб берилди. Ибодатлар роҳат билан қилинди. Бугун энди пандемия авж оляпти. Одамларимиз тўғри тушунадилар, ўзимизни, бола-чақамизни, қўни-қўшниларимизни, жамиятимизни бу балодан асрашимиз керак. Бу балодан асрашнинг бир йўли сабр-у қаноат, яна бир йўли карантин қоидаларига тўла амал қилиш билан бўлади.

Имом Ҳокимдан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида шундай башорат қилинади: «Хурсанд бўлинг. Сизларга енгиллик келади. Ҳар бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди».

Яъни бир қийинчилик келса, албатта, унинг орқасидан Аллоҳ Таоло бандасига енгиллик беради. Чунки Аллоҳ бандасига меҳрибон. Лекин битта қийинчилик иккита енгилликнинг устидан ғолиб кела олмайди. Албатта, енгиллик ғолиб келади. Чунки Аллоҳ Таоло бандаларини ўзи яратган ва ўзи асрайди. Фақат бунга амал қилиш, сабр ва қаноат қилиш керак бўлади.

Шу ўринда яна бир масалага эътибор беришимиз керак. Ёшларимиз ўзларини тутиб олишни билишлари керак ва бугуннинг қадрига етишлари керак. Ота-оналар ҳам тарбияни яхши ва мукаммал беришлари керак. Карантин бўлди, уйда ўтир, деганда дарров ижтимоий тармоқларга кириб, ёт ғояларни ўрганиб, унга эргашиб кетиш инсофдан эмас.

Юқорида айтиб ўтдик, давлатимиз диний соҳага катта эътибор беряпти. Диний соҳага берилаётган эътиборни шукрона деб қабул қилишимиз керак, бунинг қадрига, албатта, етишимиз керак.

Эшитиб қоламизки, ёшлар ижтимоий тармоқларга кириб, ёт ғояларга эргашиб, Сурияга чиқаман, деганлари қўлга тушяпти. Бу жуда ҳам уят нарса. Бу жуда ҳам катта ношукрлик.

Президентимиз 4 мингдан зиёд кишига афв эълон қилдилар. Улар озодликка чиқиб, бола-чақаларининг ҳузурларига келди. Уларнинг кўпчиликлари билан учрашдик, хонадонларига кирдик, суҳбат қилдик. Улар панжара ортида неча йил ўтирган бўлсак, ота-она хизматидан мосуво бўлдик, фарзандларимизни тарбия қила олмадик, ҳалол меҳнат қила олмадик, деб афсусда. Уларнинг сўзлари бошқаларга панд бўлиши керак.

Биз болаларимиздан хабардор бўлиб туришимиз керак. Уларнинг нима иш билан шуғулланаётганидан хабардор бўлиб, тўғри йўлга бошлаб, одоб-ахлоқни ўргатиб турсак, ҳам ота-онага, ҳам қўни-қўшниларга, ҳам жамиятга катта манфаат тегади.

Ин шаа Аллоҳ, масжидлар яна очилади, беш вақт жамоат намозлари давом этади, жума намозларини, ҳайит намозларини ўқиймиз. Халқимизнинг ҳаққига жамоат билан дуоларни қиламиз.

Азиз юртдошларимизга мурожаатимиз шундан иборатки, карантиннинг яна қатъийлашганига тўғри баҳо бериб, бунга амал қилиб, сабр-матонат билан бу пандемияни енгиб ўтамиз. Енгиллик, ёруғлик, албатта, бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)