21:22 / 10.07.2020
3 694

Олимлар коронавирусдан тузалган беморларнинг иммун тизимида муаммолар кузатилаётганини маълум қилди

Олимлар коронавирусдан тузалган беморларнинг иммун тизимида муаммолар кузатилаётганини маълум қилди
Фото: EPA
Олимлар коронавирусни бошдан кечирган беморнинг иммунитет тизимида узоқ бузилишлар пайдо бўлишини аниқлади. Бу ҳақда Ухань вирусология институти олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотларда сўз боради, деб хабар қилди medRxiv.

Тадқиқотчилар коронавирус билан касалланган турли ёш ва жинсдаги 55 нафар беморнинг соғлиғини органган. Улар ушбу беморларда иммунитетга жавоб берувчи қон ҳужайраси — лимфоцитлар даражаси камайганини аниқлаган.

Лимфоцитлар бемор соғайганидан 11 ҳафта ўтган бўлса ҳам қайта тикланмаган. Мақола муаллифларининг сўзларига кўра, бу SARS-CoV-2 вирусининг қон ҳужайрасига жиддий таъсири ва иммунитетнинг потенциал бузилиши ҳақида маълумот беради.

Июль бошларида Гарвард университети профессори Тобиас Курт коронавирусга чалинганларда узоқ вақт давомида касаллик асоратлари қолишини маълум қилганди. Куртнинг таъкидлашича, асоратлар, жумладан, COVID-19’нинг ўтиб кетмаётган белгилари олдинлари соғлиғида муаммо бўлмаган ёш беморларда ҳам кузатилмоқда.

«Биз вирус бир вақтнинг ўзида бир неча органнинг ишига таъсир кўрсатишини биламиз, бироқ ҳозирча унинг асоратлари сурункали касалликка айланиши ёки вақт ўтиши билан йўқолиб кетишини айта олмаймиз», — дейди олим.

Бунга қадар британиялик олимлар коронавирус мия фаолиятига, бразилиялик стоматологлар эса вируснинг бемор оғиз бўшлиғига зарар етказиши тўғрисида маълум қилганди.

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олимлар коронавирусдан тузалган беморларнинг иммун тизимида муаммолар кузатилаётганини маълум қилди