07:25 / 15.07.2020
4 519

Ўзбекистонда барча йўналишдаги шифокорлар COVID-19'дан даволашга ўқитилади

Ўзбекистонда барча йўналишдаги шифокорлар COVID-19'дан даволашга ўқитилади
Республика махсус комиссияси аъзоси Феруза Ҳамробоева АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда барча йўналишдаги шифокорлар коронавирус касаллигидан даволаш учун ўқитилишини маълум қилди.

«Республикада карантин эълон қилинган кундан бошлаб Тошкент врачлар малакасини ошириш институти томонидан республика бўйлаб бир қанча мутахассислар 18 соатлик COVID-19 инфекциясини даволаш, ташхислаш ва профилактикаси ўқув-дастури бўйича ўқитилган.

Бугунги кунга келиб мутахассисларимиз етарли. Лекин вазият бундан-да мураккаблашса, мутахассис етказолмай қоламиз. Бунинг олдини олиш учун эса бугун вазирликда бўлиб ўтган йиғилишда масъулларга республикадаги барча шифокорлар (ихтисослашувидан қатъи назар) коронавирусдан даволашга ўқитилиши бўйича кўрсатма берилди. Эртадан бошлаб ўқитиш, малака ошириш курслари бошланади. Бу орқали шифокорлар захирасини тайёрлаймиз», деди Ҳамробоева.

Шунингдек, Ҳамробоева уйда даволанаётган беморлар ёки касаллик юқиб қолишидан хавфсираган фуқаролар томонидан call-марказларига жуда кўп қўнғироқлар бўлаётгани, аммо жавоб берилмаётганига изоҳ берди. Маълум қилинишича, ушбу муаммо ижобий ҳал қилинади. Call-марказда оператор-мутахассислар сонини кўпайтириш бўйича топшириқ берилган. Ундан ташқари, фуқаролар коронавирусга оид ўзларини қизиқтирган саволларга вазирлик сайтида махсус рукндан жавоб олишлари мумкин.

Матбуот анжуманида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов шифохоналарни тўлиқ карантинга олиш амалиёти нотўғри бўлгани ҳақида гапирди.

«Карантинга ёпиладиган шифохоналар ҳақида гапирсак. Агар коронавирусга мўлжалланмаган шифохоналарда коронавирус аниқланса, уни 14 кунга тўлиқ ёпиб ташлар эдик. Ходимлар ўша ерда қолдирилиб, озиқ-овқат билан таъминланарди.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатдики, бу нотўғри йўл. Ҳозир шифохонанинг коронавирус чиққан бўлимининг ўзини ёпяпмиз. Уни ҳам фақат бир кунга. Ходимлар ўзини яккалаш тартибига ўтказилади ёки карантинга олинади. Бўлимда тегишли санитария тадбирлари ўтказилгандан кейин эртасига бўлим яна қайтадан ўз фаолиятини давом эттиради», деди Оқилов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда барча йўналишдаги шифокорлар COVID-19'дан даволашга ўқитилади