date
views 4 135

«‘Тепа’дагилар кўрми, карми, билмадим». Режиссёр Сарвар Каримов адойи тамом бўлган шифокорларни асрашга чақирди

«‘Тепа’дагилар кўрми, карми, билмадим». Режиссёр Сарвар Каримов адойи тамом бўлган шифокорларни асрашга чақирди
Ўзбекистонлик кинорежиссёр Сарвар Каримов 17 июль куни отаси коронавирусдан вафот этгани ва тиббиёт соҳасини қаттиқ танқид қилгани, шундан сўнг у коронавирусга чалинган оиласи билан Нуроний санаторийсида даволаниш учун ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. У 18 июль куни ўз саҳифасида сиҳатгоҳдаги вазият ҳақида ёзиб қолдирди.

Сарвар Каримов мазкур твитида шифокорлар ҳолдан тойгани ва бутун шифохонада атиги 3-4 киши борлиги ҳақида ёзган. «Каттакон»ларга эса шифокорларни асрашни маслаҳат берган.
«Менга ҳамдардлик билдирган ва сабр тилаган барчага раҳмат. Ҳозир Нуроний санаторийсида даволаняпмиз. Врачлар жуда кам, бутун шифохонага атиги 3-4 киши. Қўлдан келганча ёрдам беришяпти, аммо уларга ҳам қийин. Чарчаб, адойи тамом бўлган ҳаммаси. Шифокорларни асранг, каттаконлар», — деб ёзади Сарвар Каримов.

Твити давомида кинорежиссёр шифокорларга ваъда қилинган пуллар берилмаганини таъкидлаб ўтган. Сарвар Каримов уларга сабр тилаб, миннатдорчилигини билдирган.
«Ваъда қилинган миллионлар берилдими, опа, десам индамай пастга қараб қўйишди... Кўпчилик врачлар ишга чиқмай қўйишган, ишлаётганларга фақат сабр тилаш мумкин. Ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, яна ҳамма беморларнинг таънасини эшитиб, тишни тишга қўйиб ишлашяпти. Барака топишсин», — дейди у.

Шунингдек, кинорежиссёр «тепадагилар»ни танқид қилиб, ярим йил давомида ушбу ҳолатга тайёргарлик кўрилмаганидан ҳайрон эканини билдирган.
«Яхшиям дабдурустдан ер қимирламади, осмондан комета тушмади. Ярим йилдан буён бутун дунё кўриб турибди нималар бўлаётганини. ‘Тепа’дагилар кўрми, карми, билмадим... Шунча пайт тайёргарлик кўриш ўрнига нима қилишди экан, ҳайронман. Худодан уларга инсоф сўрайлик, яхшилар», — деб фикрларини тугатган кинорежиссёр.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «‘Тепа’дагилар кўрми, карми, билмадим». Режиссёр Сарвар Каримов адойи тамом бўлган шифокорларни асрашга чақирди
-->