17:10 / 27.07.2020
1 692

Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши иши бўйича тўққиз киши қамоққа олинган

Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши иши бўйича тўққиз киши қамоққа олинган
1 май куни юз берган Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши ва бунинг оқибатида катта ҳажмдаги ер майдонларини сув босиши бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида тўққиз киши қамоққа олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилди.

Ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғон қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига дахлдор тўққиз нафар шахс, жумладан:
- буюртмачи «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК,
- лойиҳачи «УзГИП» МЧЖ,
- бош пудратчи — «Ўзтемир йўлқурилишмонтаж» УК,
- пудратчи ташкилот «Резаксой сув қурилиш» УК,
- «Тўпаланг Шеробод» ШК,
- Сув хўжалиги вазирлиги,
- Эксплуатация дирекцияси
мансабдор шахсларининг бир гуруҳи Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш), 209 (Мансаб сохтакорлиги), 258 (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бош прокуратурадан маълум қилишларича, тергов органи томонидан жиноятнинг сабаблари, унга имкон берган шарт-шароитларни, айбдор шахслар доирасини аниқлаш билан бирга, етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бош прокуратура хабарида етказилган зарар миқдори маълум қилинмаган.

«Дастлабки терговни ҳар томонлама ва тўлиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳамда жиноят ишининг мураккаблиги ва катта ҳажмдалигини инобатга олиб, дастлабки тергов муддати Бош прокуратура томонидан 5 ойга узайтирилди», — дея қўшимча қилинган идора расмий ахборотида.

Маълумот учун, Сардоба сув омбори 2010—2017 йилларда қурилган бўлиб, лойиҳага буюртмачи сифатида «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК (Сув хўжалиги вазирлиги), бош лойиҳачи — «УзГИП» МЧЖ, бош пудратчи — «Ўзтемир йўлқурилишмонтаж» УК («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ) танланган.

Қайд этишларича, сув омбори қурилишига давлат бюджетидан 1,2 триллион сўм сарфланган. Сув омборидан фойдаланиш «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига қарашли «Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси» томонидан амалга оширилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)