07:30 / 18.08.2020
2 020

Коронавирусдан ҳимояловчи энг яхши материал маълум қилинди

Коронавирусдан ҳимояловчи энг яхши материал маълум қилинди
Фото: Pixabay[sup][/sup]
Канаданинг Манитоба университети олимлари коронавирус таркиби 100 фоиз пахтадан иборат кийимга тушганда бир кундан камроқ вақт ичида йўқ бўлишини маълум қилишди. Улар бундай хулосага ўз тадқиқотлари давомида келишган.

Мутахассислар турли материаллардан тикилган шахсий ҳимоя воситаларида коронавируснинг барқарор қолишини текширишган.

Вирус пахтадан тўқилган матодан ташқари, тиббий кўрик ўтказишда қўлланадиган нитрил қўлқоплар, кимёвий моддаларга чидамли қўлқоплар, N-95 ва N-100 респиратор ниқоблари, енгил ва пишиқ бўлган Tyvek материали, пластик ва зангламайдиган пўлатга жойлаштирилган. Сўнгра уч ҳафта давомида ушбу материаллар ортидан кузатув олиб борилган. Олимларнинг аниқлашича, айнан пахтали матода кейинчалик вирус аниқланмаган.

Бундан ташқари, олимлар пахтали матодан тикилган ниқоблар энг хавфсиз ва арзон экани ҳақидаги хулосага келишган.
Ўз навбатида, Уильям Гейтс жамғармаси олимлари зичлиги 600 тола бўлган икки қават пахтали мато ва шифондан тайёрланган ниқоблар 300 нанометрдан кичикроқ бўлган зарраларнинг 80 фоиздан кўпроғини ва ундан каттароқ зарраларнинг 90 фоиздан кўпроғини ушлаб қолишини аниқлашган.

Иллинойс университети олимларининг тадқиқоти тоза пахтадан тикилган ва устма-уст кийилган учта футболка жарроҳлик кийими каби ҳимоя даражасига эгалигини кўрсатган.

Экспертларнинг таъкидлашича, пахта матосидан тайёрланган кўп қатламли ниқоб тиббий ниқобдан кўра коронавирусдан бироз ёмонроқ ҳимоялайди. Бироқ у коронавирус тарқалишига асосий сабабчи бўлган оғиз ва бурундан ташқарига чиқувчи томчиларни яхши ушлайди.

Пахтали матодан тикилган кийимни бир сутка четга олиб қўйгач, уни хавфсиз деб ҳисоблаш мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, ҳозирда турли матоларни ўрганиш муҳимдир, чунки вирус қандай шароитларда яшаб кетиши ва тезроқ йўқ бўлишини англаб олиш лозим.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)