23:26 / 21.08.2020
4 008

Депутатлар UzAuto Motors устидан бош прокурорга сўров киритди

Депутатлар UzAuto Motors устидан бош прокурорга сўров киритди
Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати
Олий Мажлиснинг 6 нафар депутати бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхоновга депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди.

Депутатлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан «UzAuto Motors» АЖда ўтказилган текширув якунлари бўйича олинган маълумот ва ҳужжатларда қонунбузарликлар, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётгани сабабли мазкур масалани алоҳида ўрганиб, жиноят аломатлари бор-йўқлиги юзасидан ҳуқуқий бахо бериш ва ваколат доирасида чоралар кўришни сўрамоқда.

Сўровни парламент аъзоларидан Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев, Нодир Жумаев, Бекмирза Эшмурзаев, Зафар Жалолов ва Анвархон Темиров имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси хулосасига кўра, монополист компания «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларини бузган. Хусусан, март ойида автомобиллар нархи ўртача 10,29 фоизга асоссиз оширилган.

Шу боисдан Монополияга қарши кураш қўмитаси автомобиллар нархини русуми ва модификациясига қараб 3 миллион сўмдан 15,7 млн сўмгача камайтириш талабини қўйди.

Ўз навбатида, UzAuto Motors бу айбловни рад этди ва қарор устидан судга шикоят қилишини билдириб, нархларни пасайтирмаслигини эълон қилди. Компаниянинг ҳисоблашича, комиссия қарори «бир тарафлама» ва «нотўлиқ маълумотларга асосланган».

UzAuto Motors баёноти ортидан, депутат Дониёр Ғаниев бу масалада «охиригача курашишлари»ни билдирди.
«UzAuto Motors суд орқали жараённи қанчалик чўзишга ва шу орқали масалани кун тартибидан чиқаришга ҳаракат қилмасин, биз барибир қўмита билан биргаликда компания билан охиригача курашамиз», – деди Ғаниев.

Депутат Нодир Жумаев эса монополист корхонага «ўзини оқлашни эмас, рақобат шароитида ишлашни ўрганиш»ни тавсия қилди.

Ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг бир қисми депутатларни бу ҳаракатлари учун олқишлаган бўлса, яна бир қисми сабаблар билан эмас, оқибатлар билан курашилаётганига эътибор қаратди – улар автосаноатдаги протекционизмдан воз кечишга, хориждан автомобил олиб киришга қўйилган бож чекловларини кескин камайтиришга чақирмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Депутатлар UzAuto Motors устидан бош прокурорга сўров киритди