00:23 / 04.09.2020
863

Ўзбекистонга 3 млн доллар сармоя киритган хорижликлар 10 йиллик яшаш гувоҳномасини олади

Ўзбекистонга 3 млн доллар сармоя киритган хорижликлар 10 йиллик яшаш гувоҳномасини олади
Фото: оrphanednation.com
«Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Дилшод Муродбеков 3 сентябрь кунги матбуот анжуманида бу борадаги янгиликларни санаб ўтди.

«Aввалги тартиб-қоидага кўра, чет эл фуқароси Ўзбекистонга кириб келгач, ички ишлар идораларида рўйхатдан ўтиш учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига бориш мажбуриятлари бор эди. Ҳозирги кунда ушбу мажбуриятлар бекор қилиниб, уларни вақтинча рўйхатдан ўтказиш электрон тизим орқали амалга оширилмоқда», – деди Дилшод Муродбеков.

Маълум қилинишича, янги қонун лойиҳасида инвесторлар учун вақтинчалик бериладиган гувоҳнома шартлари ҳам белгиланган. Ўзбекистонга 3 миллион AҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқароларига 10 йиллик муддатда яшаш гувоҳномаси берилади. Бу тартиб 2021 йил 1 январдан бошлаб кучга кириши режалаштириляпти.

Фахрий фуқаро мақомини олган, яъни 1 миллион 200 минг доллардан ошиқ инвестиция киритган фуқароларга ҳам яшаш гувоҳномасини бериш тизими жорий қилинган.

Қонун қабул қилиниши билан, чет эл фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракатланиши осонлаштирилади. Олдин чет эл фуқаролари битта жойдан вақтинчалик рўйхатдан ўтганидан кейин фақат ўша ерда яшаш мажбурияти белгилаб берилганди. Энди эса чет эл фуқароси бошқа ҳудудда яшаш истагини билдирса, олдинги рўйхатдан ўтган жойи бекор қилинмасдан, вақтинчалик бошқа ҳудудда рўйхатдан ўтиб, яшаш имконияти берилмоқда.

«Қонун лойиҳасидаги яна бир афзалликлардан бири – чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга кириши ёки кетишига рухсат беришда ортиқча оворагарчилик бўлмайди», – деди ИИВ расмийси.

Маълум қилинишича, чет эл фуқароси бетоб бўлиб ёки бахтcиз ҳодиса туфайли Ўзбекистондан белгиланган муддатда чиқиб кетолмаса, уларга ортиқча ҳужжатлар тақдим этмай, қўшимча давлат божи тўламай, республикадан чиқиб кетишларига имконият яратиб берилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)