17:42 / 08.09.2020
1 390

Чироқчи туман ИИБнинг собиқ ходимлари устидан суд бошланди

Чироқчи туман ИИБнинг собиқ ходимлари устидан суд бошланди
Шу йилнинг январь ойида Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю. А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди. Ҳолат бўйича ўша пайтдаёқ жиноят иши қўзғатилган, бир неча ИИБ ходими ҳибсга олинишидан ташқари туман ва вилоят ИИБдаги қатор масъул ходимлар ишдан олинганди.

Шунингдек, «Чироқчи воқеаси» юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида беш нафар ИИБ ходимига нисбатан айб эълон қилиниб, уларнинг икки нафарига қамоқ, уч нафарига гаров эҳтиёт чоралари қўлланилгани Жиноят кодексининг қатор моддаларидан иборат «дело» бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилгани маълум қилинганди.

Олий суд ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 8 сентябрь куни, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди биносида судланувчилар:
  • Н. Овлаев (1989 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — олий, оилали, икки нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган),
  • А. Жанқабилов (1985 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган),
  • Ш. Рахмонов (1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — олий, оилали, уч нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган),
  • А. Тожиноров (1994 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — олий, муқаддам судланган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган),
  • Б. Ғайратов (1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бошланди.

Ушбу жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К. Толлибоев раислигида ҳамда судьялар Э. Эргашев ва Р. Орзиқуловдан иборат суд таркибида кўрилмоқда.

Судланувчилар:
  • Н. Овлаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш), 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайри инсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) ва 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишни қасддан яшириш)да;
  • А. Жанқабилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси ва 235-моддасида;
  • Ш. Рахмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси, 235-моддаси ва 241-1-моддасида;
  • А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси ва 235-моддасида;
  • Б. Ғайратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 241-1-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Суд жараёни давом этмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)