09:33 / 12.09.2020
4 252

Республика бўйича карантин қоидаларига зид равишда энг кўп тўй ўтказилган вилоят маълум қилинди

Республика бўйича карантин қоидаларига зид равишда энг кўп тўй ўтказилган вилоят маълум қилинди
Фото: ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси
Республика бўйича карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ўтказилган энг кўп тўй маросимлари Фарғона вилоятида аниқланган. Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи полковник Бахтиёр Бердиалиев «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган қисқача интервьюсида айтиб ўтди.

Полковник Бахтиёр Бердиалиевнинг маълум қилишича, 16 августдан буён маҳалла фаоллари ва ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари томонидан олиб борилган назорат тадбирлари натижасида карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ўтказилган 243 та тўй маросими аниқланган.

«Жумладан, Тошкент шаҳрида 1 та, Сирдарёда 31 та, Фарғонада 75 та, Жиззахда 20 та, Қашқадарёда 20 та, Бухорода 7 та, Андижонда 11 та, Сурхондарёда 20 та, Хоразмда 7 та, Навоийда 5 та, Наманганда 30 та, Самарқандда 10 та ва Қорақалпоғистонда 6 та ҳолатда карантин қоидаларига риоя қилинмай тўй маросимлари ўтказилган. Барча маросим эгаларига нисбатан баённомалар расмийлаштирилган», – деди Бахтиёр Бердиалиев.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг таъкидлашича, асосий мақсад чора кўриш ёки жазолаш эмас. «Ҳар бир ўтказилаётган маросимда хонадон аъзолари ва ташриф буюрадиган меҳмонларнинг саломатликларини асраш муҳимлигини аҳолига тушунтириш», дея қўшимча қилди полковник.

Аввалроқ тўйига белгиланганидан ортиқ одам чақирган «Браво» кулги жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 23 мартдан эътиборан оммавий тадбирлар, хусусан, тўй-маросимларнинг ўтказилиши тақиқланган эди. Ушбу тақиқдан сўнг тўй маросимларини ўтказишга уринганларга нисбатан ҳатто жиноят иши ҳам қўзғатилди.

Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашиб, нисбатан назорат остига олингач Республика махсус комиссиясининг 30 майдаги қарори билан «яшил» тоифага киритилган ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказишга рухсат берилди.

Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашгани сабабли 10 июлдан бошлаб мамлакатда тўйларни ўтказиш яна тақиқланди.
Ўзбекистонда 15 августдан 30 кишилик тўйларни ўтказишга яна рухсат берилди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Республика бўйича карантин қоидаларига зид равишда энг кўп тўй ўтказилган вилоят маълум қилинди