21:00 / 14.09.2020
2 072

Уч ёшида кўчага ташлаб кетилган ногирон боланинг ҳайратланарли қисмати

Уч ёшида кўчага ташлаб кетилган ногирон боланинг ҳайратланарли қисмати
Фото: Видеолавҳадан скриншот
Ўрмонга ташлаб кетилган ва ёввойи ҳайвонлар орасида улғайган «Маугли»лар ҳақида эшитганмиз. Ногиронлиги бўлган Шоҳрухни уч ёшлигида ўз онаси Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги кўп қаватли уйларнинг ёнига ташлаб кетди. У бировнинг қарамоғисиз, уйсиз, кўчада ётиб улғайди.

ЎзА Шоҳрух Алламов мурожаати бўйича ўрганиш ўтказди ва шундай ҳайратланарли қисматга дуч келди.

– Онам мени 3-4 ёшлигимда кўп қаватли уйлар атрофидаги ўриндиққа ўтириб тур, ҳозир келаман, деб ташлаб кетганича қайтиб келмаган, – дейди Шоҳруҳ Алламов. – Онам келиб қолар деб ўриндиқда кута-кута қорним очқади. Рўпарада дўкон бор экан. Дўконга кирдим. Менга егулик беришди. Ота-онам йўқлигини билишгач, дўкончилар менга егулик, кийим-кечак берарди. Кечалари гоҳида дўкон атрофида, гоҳида кўп қаватли уйлар подъезларида, ертўлаларда ётиб кун ўтказдим. Шу тариқа болалигим ўтиб кетди. Кейинроқ дўкон ва дўкон атрофини тозалаш каби ишларни бажарганим учун дўкончилар менга қараб юришди. Ўқиш ва ёзишни ўргатишди.

Етим, бунинг устига туғма ногирон бола, 3 ёшидан буён кўча-кўйда кун кечиргани сабабли, шу вақтга қадар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва фуқаролик паспорти ҳам йўқ эди.

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда фуқаролик паспорти олиш учун Учтепа тумани ҳокимлиги, туман ФҲДЁ бўлими, маҳаллаларга, бундан ташқари 50га яқин ташкилотга йиллар мобайнида кўп бора мурожаат этган. Аммо ҳеч бири унинг мурожаатини тингламади. Баъзи мутасадди ташкилот ходимлари «Ука, чўпчагингни эшитишга вақтим йўқ. Ўргилдим сендақа тошкентлик Мауглидан!» дея кинояли зарда қилганлар ҳам бўлди. Хуллас, Халқ қабулхоналари ташкил этилгунига қадар у бормаган эшиги қолмади.

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда фуқаролик паспортини олишда амалий ёрдам сўраб Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига мурожаат этди.

«Очиғини айтганда, бирданига Шоҳрухнинг гапларига ишониш қийин эди. Уч ёшида ташлаб кетилган болакай ҳеч кимнинг ёрдамисиз 25 ёшга тўлиши ақл бовар қилмас ҳодиса-да! Шу боисдан Шоҳруҳнинг сўзларини текшириш мақсадида уни атрофдагилардан суриштирдик ва у яшайдиган манзилга бордик», деб ёзади мақола муаллифи.

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 2-мавзе спорт майдончасининг бир бурчагидаги ташландиқ жойда Шоҳрух ётишини, шу ердаги ташландиқ гаражлардаги кутичада нарса-буюмларини сақлашини кўрсатди. Унинг айтишича, кичкиналигидан дўкону, кафеларни, қаватли уйлар атрофини тозалаш, қурилиш ишларида, ҳуллас, ким нима иш таклиф қилса, бажариб, шунинг орқасидан кун кечирган экан.

Ўзининг ҳаётда борлигини тушунтириш мақсадида эшикма-эшик мутасадди раҳбарларга мурожаат этди. 25 йил давомида на маҳалла, на ҳокимлик, на халқ таълими, на туман тиббиёт ходимлари унинг арзи- додини эшитди.

– Шоҳруҳ келиб ўзининг шароитини тушунтирди, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ М ва ФРБ бошлиғи, подполковник Козим Орипов. – У шу вақтга қадар турли ташкилотларга ҳужжатини расмийлаштиришда амалий ёрдам сўраб бир неча бор мурожаат қилган. Бир неча бор Чилонзор туман профилактика нозирига ҳам учраган. Аммо иш охирига етмаган. Белгиланган тартибга кўра, фуқаролик паспорти олиш учун туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома керак бўлади. Уни олиш учун эса боланинг ота-онасини топиш зарур. Хуллас, бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлган жараёнда доим иш охирига етмасдан орқага сурилиб қолиб кетаверган.

Шоҳруҳнинг мурожаатларини ўрганиш натижасида шунга амин бўлдикки, ҳақиқатдан ҳам унинг ота-онаси йўқ. Яна ФҲДЁ органларига ариза орқали сўровнома бердик. Аммо улар бунақа болага туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилмаслигини айтишди. Шоҳруҳ 3 ёшида ташлаб кетилгани боис, ота-онасининг исмини яхши эслаб қололмаган бўлиши мумкин, деб ўйладик. Кейин унинг ақли жойида эканлиги, берган маълумотлари тўғрилигини текшириш мақсадида экспертиза ўтказилди. Эспертиза ҳулосасига кўра, унинг соғлом ва ақли расо экани аниқланди.

Текширилган бармоқ излари натижасида эса унинг жиноят содир этмагани, бошқа бир шахс сифатида ўзини таништирмаётганлигига аниқлик киритилди. Тўпланган ҳужжатлар билан туман прокуратураси орқали туман фуқаролик судига даво аризаси киритилди. Яқинда бўлиб ўтган фуқаролик судида шахсини тасдиқлаш ва жамиятда ўз ўрнини топиш учун курашган, 25 йил олдин инсонларнинг эътиборсизлиги оқибатида жамиятда номсиз қолган Алламов Шоҳрухга туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилиши тўғрисида ҳукм чиқарилди.

– Демак, Шоҳрух Алламовга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилди. Энди унга фуқаролик паспорти бериладими?
– Албатта. Биз биринчи тўсиқ – туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириб олдик, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ М ва ФРБ бошлиғи, подполковник Козим Орипов. – Энди бизда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Эндиликда паспорт олиш жараёнлари бошланди. Яқин кунларда Шоҳрухга фуқаролик паспорти берилади.

– Бугун ҳаётимда унутилмас кун, – дейди Шоҳрух Алламов. – Бугундан эътиборан мен ҳам шу Ватанда борлигимни ҳис қилдим. Гувоҳнома ва фуқаролик паспортини олиш учун неча йиллардан буён кирмаган эшигим қолмади. Ҳаётдаги энг катта орзуларимдан бири рўёбга чиқди. Орзуларим жуда кўп. Илгарилари ҳужжатим бўлмагани учун ҳеч бир корхона ва ташкилотлар ишга қабул қилмас эди. Энди бирон бир жойга ишга кираман. Ишлаб, пул йиғиб, ўзимга уй оламан. Айтишади-ку, уй Ватан ичра Ватан деб. Мен ўзлигимни топдим. Мен Алламов Шоҳрух Шерзод ўғли Ўзбекистон Республикасининг фуқаросиман. Мен шу жамиятнинг аъзосиман.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)