08:30 / 17.09.2020
1 711

Россияда ўзбекистонлик мигрантларга бепул тил ва касб ўрганиш имконияти тақдим этилмоқда

Россияда ўзбекистонлик мигрантларга бепул тил ва касб ўрганиш имконияти тақдим этилмоқда
Фото: РИА Новости
Россия Федерациясида бўлиб турган ўзбекистонлик ватандошлар учун тил ва касб ўрганиш борасида ажойиб имконият тақдим этилмоқда. Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Worldskills Uzbekistan ассоциацияси, Worldskills Russia иттифоқи ва Россия халқлар дўстлиги университети билан ҳамкорликда шундай ташаббус билан чиқди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати маълум қилди.

Унга кўра, Россия Федерациясида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган меҳнат мигрантларини бепул касбга ўқитиш лойиҳаси амалга оширилади.

“Агар сиз Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини олиб бораётган бўлсангиз ва рус тили ёки меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни бепул ўрганмоқчи бўлсангиз, @uzrivoj_bot (Telegram) тизимида ўз аризангизни қолдиринг.

Лойиҳа доирасида меҳнат мигрантлари учун Москва, Санкт-Петербург, Қозон (Казань), Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида қуйидаги йўналишлар бўйича 1 ойлик (72 соатлик) ва 2 ойлик(144 соатлик) ўқув курслари ташкил этилади:

- рус тили;
- ўз касби бўйича малака ошириш;
- янги касб ўрганиш.

Малака ошириш ва касб ўрганиш курсларида хизмат кўрсатиш, қурилиш ва компьютер технологиялари соҳасида дарс ўтилади. Курслар кундузи ва ишловчилар учун иш вақтидан кейин 19-00 дан 22-00 гача ташкил этилади.

Курсларга ҳар куни қатнаб ўқишга имкони бўлмаганлар учун ўқув марказларида ётоқхона ташкил этилади. Курслар ва ётоқхона бўйича барча харажатлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади ва меҳнат мигрантлари учун мутлақо БЕПУЛ.

Ўқув курсларини тугатган фуқарога "Worldskills" стандартлари асосида ўқиганликни тасдиқловчи ва малака даражасини кўрсатувчи skills passport (малака паспорти) берилади.

Агар сиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқиб, ўз малакангизни оширмоқчи бўлсангиз:
- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг телеграмдаги @uzrivoj_bot тизими;
- Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг +998 71 202 33 55 телефон рақами;
- Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги РФдаги ваколатхонасининг +7 925 759 59 25 телефон рақами орқали мурожаат қилиб, ариза қолдиришингиз мумкин”.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Россияда ўзбекистонлик мигрантларга бепул тил ва касб ўрганиш имконияти тақдим этилмоқда