12:00 / 22.09.2020
1 090

Фарғонада сохта ДХХ ходими қўлга олинди

Фарғонада сохта ДХХ ходими қўлга олинди
Фарғонада ўзини сохта ДХХ ходими дея таништирган фуқаро ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи Ҳамдамжон Юнусжонов 25 ёшда бўлиб, мавсумий ишлар билан шуғулланади.

Бу йигит тадбиркор Д.Содиқова билан танишиб қолади ҳамда унинг хусусий боғча очиш ниятида юрганлигидан хабар топган. Унга дастлаб Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси ходими эканлигини айтиб, имтиёзли кредит олишида ёрдам беришлигини билдирган. Ҳатто тадбиркор билан бу масалада Тошкент шаҳрига бориб, бир қатор юқори идораларга кирган.

Кейинчалик у ДХХнинг Олтиариқ туман бўлими тезкор ходими деган сохта гувоҳнома ясаб, тадбиркор танишига шу идорада ишлашлигини маълум қилган. Қалбаки гувоҳномага Д.Содиқованинг якка тадбиркорлик муҳрини унга билдирмасдан босиб олади. Албатта, бу бежизга эмас эди. Ишхонада ҳайфсан олганлиги ва ойлик иш ҳақи кам чиққанлигини Д.Содиқовага айтиб алдаб, ундан 600 минг сўм олган ва шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Ш.Султонова билан жорий йилнинг январь ойида Фарғона шаҳрида учрашиб қолиб, ўзини “Темур” деб таништирган. У синглисининг туғилган кунига тилло тақинчоқ олиб бериши учун 100 доллар бериб туришлигини сўраб, ундан ёнида бўлган 875 минг сўм пулни олган. Шунингдек, Ш.Султоновадан онасининг бетоблигини айтиб 500 минг сўм, нархи 2 миллион 400 минг сўм бўлган уяли телефонини ҳам олиб, телефонни сотиб юборган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан унинг жинояти фош этилиб, қалбаки хизмат гувоҳномаси ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судида кўриб чиқилиб, Ҳ. Юнусжоновга нисбатан тегишли жазо тайинланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)