16:27 / 25.09.2020
2 861

ССВ Ўзбекистон «Спутник-V» вакцинасидан фақат 5 минг доза олишини маълум қилди

ССВ Ўзбекистон «Спутник-V» вакцинасидан фақат 5 минг доза олишини маълум қилди
Фото: Вячеслав Прокофьев/ТАСС
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистон коронавирусга қарши вакцина билан эмлаш жараёнида иштирок этиш учун олиб бораётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Маълум қилинишича, Ўзбекистон Хитой ва Россияда учинчи босқич синовлари ўтказилаётган вакциналарни харид қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Хитой Халқ Республикаси компанияларидан вакциналар клиник синовларининг учинчи босқичини Ўзбекистонда биргаликда амалга ошириш бўйича таклифлар олинган. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги Хитойнинг «Sinopharm» компаниясининг ваколатли корхонаси - «Yilin International Commerce» МЧЖ билан, шунингдек, «Zhifei Longcom» компанияси билан келишувлар имзоланган.

Бундан ташқари, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилаётган «Спутник-V» вакцинасининг 5000 дозасини Ўзбекистон Республикасига ажратиш юзасидан Россиянинг тўғридан тўғри инвестициялар жамғармасига мурожаат қилинган.

Вазирликнинг эслатишича, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «COVAX» (коронавирусга қарши вакциналаш) халқаро механизмига қўшилган ва агар вакцина муваффаққиятли ишлаб чиқилган бўлса, «COVAX» механизмида иштирок этадиган мамлакатлар аҳолисининг 20 фоизини эмлаш учун етарли вакцина таъминотига кафолатланган дастлабки кириш имкониятдан фойдаланилади. Шунингдек, ушбу дастурнинг асосий мақсади — янги вакциналарни яратиш ва синовдан ўтказиш бўйича илмий тадқиқотлар ҳамда уларни оммавий ишлаб чиқаришга тайёргарликни қўллаб-қувватлашдир.

«Яна бир муҳим масала — вакциналарни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Мазкур масала ҳам олимларимиз ва фармацевтика соҳаси ишлаб чиқарувчилари томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳолатда вакциналар импортга боғлиқ бўлмайди. Уларни экспорт қилиш орқали қўшни давлатларга ҳам ёрдам бериш имкони яратилади. Бу ўз навбатида минтақада Covid-19’га нисбатан эпидемиологик барқарорликка эришиш жараёнини таъминлайди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Маълумот учун, бугунги кунда жаҳонда 25та вакцина клиник, 139таси эса клиникагача бўлган синовлар жараёнида. Буюк Британия, АҚШ, Германия, Хитой ва Россия каби давлатларда ишлаб чиқарилган 9та вакцинанинг охирги (учинчи) босқич синовлари ўтказилмоқда.

Бундан аввалроқ, Россиядаги нашрлар LAXISAM фармацевтика компанияси Россия бевосита инвестициялар жамғармаси (РТИЖ) билан Ўзбекистонга 35 миллион дозагача «Спутник V» вакцинасини етказиб беришга келишиб олгани тўғрисида хабар тарқатганди.

Соғлиқни сақлаш вазири матбуот котиби Фурқат Санаевнинг изоҳ беришича, хусусий компания томонидан тузилган бу келишув ҳукумат позициясини ифодаламайди. У ушбу компания бундай катта миқдордаги вакцинани харид қилиш имкониятига эга эмаслиги ва Ўзбекистонда бундай катта миқдордаги вакцинага эҳтиёж ҳам йўқлигини қўшимча қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ССВ Ўзбекистон «Спутник-V» вакцинасидан фақат 5 минг доза олишини маълум қилди