08:45 / 13.10.2020
472

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталининг янги версияси тақдимоти ўтказилди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталининг янги версияси тақдимоти ўтказилди
Адлия вазирлигида 2020 йил 12 октябрь куни “Zoom” платформаси орқали давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталининг янги версияси такдимоти бўлиб ўтди.

Онлайн тарзда бўлиб ўтган тақдимотда Адлия вазирлиги масъул ходимлари, “UZINFOCOM давлат ахборот хизматларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖ мутахасссислари, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари иштирок этишди.

Хабарингиз бор, 2019 йил 13 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозимлиги белгиланган эди.

Қарор билан белгиланган мазкур тартибни самарали амалга ошириш ва жамоатчиликни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасида иштирок этишларини қулайлаштириш мақсадида, Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) модернизация қилиниб, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб унинг янги версияси синов тариқасида ишга туширилди.

Таъкидлаш лозимки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига ҳозирга қадар 2470 га яқин лойиҳа жойлаштирилган. Шундан 90 га яқини айни пайтда муҳокама жараёнида бўлиб, қарийб 2380 тасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш якунланган.

Тақдимот давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталининг янги версияси имкониятлари, ундан фойдаланиш тартиби ва унинг ишлаш механизми ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталининг янги версияси ишга туширилиши жамоатчиликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасида фаол иштирок этишларига, шу билан бирга, лойиҳа ишлаб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолиятини янада яхшилашга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Тақдимот якунида иштирокчилар томонидан портални янада такомиллаштириш, унинг имкониятларини кенгайтириш юзасидан таклиф
ва тавсиялар берилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали ишлаш тартиби билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб берилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик биалн алоқалар бўлим
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)