14:14 / 20.10.2020
956

Ўзбекистонда 16 ёшдан машина бошқаришга рухсат бериш таклиф қилинди

Ўзбекистонда 16 ёшдан машина бошқаришга рухсат бериш таклиф қилинди
«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистонда 16 ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш ҳақида петиция жойлаштирилди.

«Ўзбекистонда ўн олти ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш керак. Аксарият хорижий давлатларда автомобиль бошқаришга ўн олти ёшдан рухсат берилган. Бу орқали мактабнинг катта синф ўқувчиларини иш билан таъминлаш мумкин бўлади. Агар ўқувчиларнинг бандлигини таъминласак, улар орасидаги жиноятчиликни камайтиришга ҳам эришамиз.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда ўн олти ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат беришни таклиф қиламиз
», — дейилади петицияда.

Якунланишига 85 кун қолган мазкур петицияни ёқлаб ҳозирда 230 киши овоз берган, 276 киши эса қарши чиққан.
Петиция остига қолдирилган изоҳлардан кўриш мумкинки, кўпчилик автомобиль бошқариш ҳуқуқини 16 ёшдан эмас, балки янада кўтаришни таклиф қилган.

«Яхшиси 21-22 ёшга кўтариш керак деб ҳисоблайман. 18 ёш бу жуда эрта», — дея изоҳ қолдиради фойдаланувчилардан бири.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошларида «Менинг фикрим» порталига суғурта полиси йўқлиги туфайли автотранспорт воситасини жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақидаги петиция жойлаштирилган ва у парламентда кўриб чиқиш учун етарли бўлган 10 000 дан ортиқ овоз тўплаганди. Сентябрь охирларида эса автомобилнинг суғуртаси йўқлиги учун жарима майдончасига жойлаштириш амалиёти бекор қилинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)