09:41 / 09.11.2020
777

Хитой вакцинаси Тошкентга олиб келинди

Хитой вакцинаси Тошкентга олиб келинди
Хитой вакцинаси Тошкентга олиб келинди. «Kun.uz»нинг хабар беришича, бу ҳақда коронавирусга қарши вакцина синовининг учинчи босқичини Ўзбекистонда ўтказишни ташкил этиш борасида 7 ноябрь куни ўтказилган учрашувда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилди.

Унинг айтишича, беш минг кишига етадиган вакцина Хитойдан Тошкентга олиб келинган. Вакциналар махсус шароитларда сақланмоқда. Кўнгиллилар жамоаси шакллантирилганидан сўнг ҳар бир оилавий поликлиникада имкониятдан келиб, чиқиб маълум сондаги кўнгиллилар бўйича синов ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи фаза синовларини ўтказиш бўйича хитойлик ҳамкорларнинг тўрт нафари Ўзбекистонга ташриф буюргани, яна 5 нафар хитойлик мутахассислар келиши кутилаётгани билдирилган. Улар 4 ой давомида синовларни ўтказиш жараёнида вазирлик билан бирга иш олиб боради.

«Хитойликлар биринчи галда синов ўтказиладиган оилавий поликлиникалар ва улардаги шарт-шароитлар билан қизиқишди. Иккинчиси, ҳамкорларимиз ҳар бир оилавий поликлиникадан ўнтадан шифокор ва ҳамшира танлаб олиб, улар билан суҳбат ўтказишмоқчи. Кейинги ҳафтадан шифокорларимизга тренинглар ўтказилади», — дейди вазир.

Шунингдек, синовлар вилоятларда ҳам ўтказилиши ҳақидаги саволга жавоб берилди. «Йўқ. Бу ҳозир тадқиқот бўлгани учун фақат Тошкент шаҳрида ўтказамиз. Бунинг ўзига яраша қулайликлари бўлиши керак. Мониторинг жараёнини самарали ташкил қила олишимиз жуда муҳим ҳисобланади», — деб таъкидлади Иброҳим Абдураҳмонов.

Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой фанлар академиясининг Микробиология институти ва Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган эди.

Унга кўра, синов 18 ва ундан катта ёшдаги беш мингга яқин кўнгиллиларда ўтказилади ва синов бошланишидан олдин Хитой вакиллари эмлаш шартларини тушунтириш учун бир нечта тренинглар ташкиллаштиради.

Агар кўнгиллилар орасида бирор кишида асоратлар ёки ножўя таъсир кузатилса, ўша кўнгилли шахс бепул даволанади. Шунингдек, кўнгиллилар иштироки учун пул маблағи берилиши ҳам мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)