13:30 / 10.11.2020
1 714

ДХХ гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тадбирлар ўтказди

ДХХ гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тадбирлар ўтказди
Гиёҳванд моддалар инсоният учун зарарли ва хавфли экани барчамизга маълум. Унинг савдоси билан шуғулланиш эса жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини ҳам яхши биламиз. Шундай бўлсада айрим шахсларнинг бундай қабиҳ ишга қўл уришлари ачинарли ҳол.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси ва божхона органлари ходимларини жалб қилган ҳолда Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, Ургут туманида яшовчи С.Махамматов ўзининг «Спарк» русумли автомашинасида ҳамтавоғи И.Пардаев билан биргаликда қарийб 1 кг «опий» гиёҳванд моддасини 18 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди. Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳда мижоз топиш билан шуғулланган Ш.Хасанов ва М.Осаровлар ҳам ушланди.

Бу каби ноқонуний ҳолат Иштихон туманида ҳам кузатилди. Жумладан, ургутлик Р.Амонов ўзининг «Жигули» автомашинасида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилиб, текширилганда, унинг ёнидан қарийб 200 гр. «опий» моддаси топилди.

ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса Тожикистон Республикасида яшовчи номаълум шахс томонидан Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказилган 9 кг 745 гр. «гашиш» гиёҳвандлик моддасини фуқаро Ш.Назаров олиб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди.

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона туманида яшовчи О.Мирзахўжаев Қувасой шаҳрида яшовчи Б.Юсуповга 115 гр. «гашиш» моддасини сотаётган вақтида ашёвий далилар билан қўлга олинди.
Шунингдек, Мирзахўжаевнинг вилоят марказидаги вақтинчалик яшаш манзилидан яна 971 гр. «гашиш» моддаси олинди. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари қўшни Қирғизистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида Андижон вилояти Марҳамат туманида яшовчи И.Абдусатторов ўзининг «Дамас» русумли автомашинасида харидорга 490 гр. «гашиш» гиёҳвандлик моддасини сотмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди.

Навбатдаги ноқонуний ҳолат Данғара туманидаги «Чағали» ЙПХ масканида аниқланди. «Тошкент-Қўқон» йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Қўқон шаҳрида яшовчи Ф.Камилов бошқарувидаги «Дамас» русумли автомашина тўхтатилиб, текширилганида, унинг салонида гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган 14.980 дона «Трамадол» дори воситаси борлиги маълум бўлди ва процессуал тарзда расмийлаштирилиб олинди.

Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тадбирлар ўтказди