13:13 / 06.12.2020
3 167

Россия Ўзбекистондан қуритилган ўрик олиб киришга тақиқ қўймайди

Россия Ўзбекистондан қуритилган ўрик олиб киришга тақиқ қўймайди
Фото: «Dropi.ru»
Ўзбекистондан Россияга етиб борган 1 тонна қуритилган ўрик орасида карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организм — капр қўнғизи (Trogoderma granarium Ev.) аниқланганди. Шундан сўнг, Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати Ўзбекистондан қуритилган мевалар ва ёнғоқларни олиб киришни тақиқлаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилди.

Маълум қилинишича, зарарли организм личинкаси 1 килограмм маҳсулотда 2 дона миқдорида топилган, бу партиянинг жиддий зарарланганлигини кўрсатади. Ушбу партия Россия фитосанитария талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ўзбекча сертификат билан Россияга олиб кирилган.

«Ўздавкарантин» ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбарияти «Росселхознадзор» карантин хизмати раҳбарияти билан тезкор равишда онлайн музокаралар олиб борган.

Россия томонидан юборилган фотосуратлар Марказий карантин лабораторияси ходимлари иштирокида текширилиб, кўрсатилган мазкур карантин объекти айнан капр қўнғизи эмас, балки Ўрта Осиё ва Россияда тарқалган трогодерма оиласига мансуб бошқа қўнғиз эканлиги тахмин қилинмоқда.

Маълум қилинишича, онлайн музокаралар давомида Россия томонидан қуритилган ўрик маҳсулоти учун тақиқ қўйилмасликка келишилиб, фақатгина маҳсулот юкланган экспортер корхонага нисбатан фитосанитар чоралар кўрилиши ҳақида аҳдлашувга эришилган.

Маълумотга кўра, ушбу тадбиркор Россиядан қуритилган ўрик маҳсулотининг эски ҳосилини юклаш бўйича буюртма олган. Экспорт сиғимини тўлдириш мақсадида ҳудуддаги деҳқон бозорларидан эски ҳосилларнинг қолдиқларини турли жойлардан тўплаб, маҳсулот йиғган.

Инспекциянинг маълум қилишича, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатнинг барча ҳудудларидаги омборхоналар ва биноларда, шу жумладан, қуритилган маҳсулотлар сақланадиган корхона сиғимларида қайта текширув тадбирлари амалга оширилиб, зарарсизлантириш фитосанитар чоралари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Россия Ўзбекистондан қуритилган ўрик олиб киришга тақиқ қўймайди