23:14 / 07.01.2021
2 070

Ҳарбий хизматчилар учун шинам тураржойлар (фото)

Ҳарбий хизматчилар учун шинам тураржойлар (фото)
Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ватан ҳимоячилари куни арафасида Наманган шаҳрининг “Юксалиш” маҳалласи ҳудудида ҳарбий хизматчилардан бир гуруҳига тақдим этилган учта янги турар жой биноси ҳам мард ўғлонлар учун кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир намунаси бўлди.

Мазкур бинолардан жой олган хонадонларнинг 30 таси мудофаа вазирлиги харбий қисмлари хизматчиларига тақдим этилган бўлса, 30 тадан хонадонга Миллий гвардия ва ички ишлар тизими вакиллари кўчиб киришди. Ватан посбони деган шарафли номни муносиб оқлаб келаётган офицер ва сержантлар учун бунёд этилган бу тураржойлар замонавий меъморчилик анъаналари асосида тикланган бўлиб, ҳар жиҳатдан шинам ва қулайдир. Хусусан, бу ерда яратилган инфратузилма тармоқлари хонадон эгалари кундалик турмушига файз бағишлайди.

– Бугун оиламиз барча аъзоларининг қувончи чексиз, – дейди катта сержант Омонилла Қаҳҳоров. – Чунки, барча қулайликларга эга бўлган икки хонали уйнинг калитини қабул қилиб олдик. Бу ердаги шароитга кишининг ҳаваси келади, муносиб ҳаёт кечириш учун зарур бўлган ҳамма нарса муҳайё. Ҳовлидаги болалар майдончасини айтмайсизми, ундаги спорт жиҳозлари ва қизиқарли ўйин мосламалари фарзандларимизнинг қувнаб-яйраб ўсишларига хизмат қилади.

Миллий гвардиянинг Наманган вилоят бошқармаси харбий хизматчиси, майор Азизжон Турсунов ҳам уч хонали хонадон соҳибига айланди. У яқин кунларгача оиласи билан ижарада яшаб, ўз уйи бўлишини орзулаб келди. Мана энди шинам гўшаси бор. Ватан ҳимоячилари кунини турмуш ўртоғи ва икки фарзанди билан янги уйда қарши олаётган Азизжон хонадоннинг бошланғич бадали қўмондонлик томонидан қоплаб берилганлиги, қолган қисмини эса йигирма йиллик имтиёзли кредит асосида ҳисоб-китоб қилинишидан жуда-жуда миннатдор.

Янги турар-жойлар калитини хонадон эгаларига топшириш маросими байрамга айланиб кетди. Тантана чоғида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ш. Абдураззоқов, Мудофаа вазирлигининг Шарқий ҳарбий округи қўмондони полковник Л. Бузруков, Миллий гвария қўмондонининг ўринбосари Б. Абдуллаев ва жамоатчилик вакиллари ҳамда янги уй соҳиблари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик, энг аввало, юрт равнақи, осмонимиз мусаффолиги, чегараларимиз дахлсизлиги, бир сўз билан ай тганда, Ватанимиз тинчлиги билан боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидладилар. Вилоят ҳокимлиги томонидан бир қатор хонадон эгаларига телевизор ва бошқа рўзғор буюмларидан иборат эсдалик совғалари топширилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳарбий хизматчилар учун шинам тураржойлар (фото)