23:06 / 15.01.2021
1 243

Ўзбекистон 70 млн доза Россия вакцинасини сотиб олиши маълум бўлди

Ўзбекистон 70 млн доза Россия вакцинасини сотиб олиши маълум бўлди
Фото: Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди матбуот хизмати
Ўзбекистон Россиянинг Гамалея институти томонидан ишлаб чиқарилган 70 миллион доза вакцинани сотиб олади. Бу ҳақда Bloomberg нашрига таяниб «Gazeta.uz» хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, дунё бўйича умумий 8,33 миллиард доза вакцина учун буюртма берилган. Бу дунё аҳолисининг ярмини эмлаш учун етарли (вакциналарнинг айрим турлари икки марта эмлашни талаб қилади).

Энг кўп вакцина бўйича шартномаларни Ҳиндистон тузган. Жанубий Осиё мамлакати 2,2 миллиард дозада AstraZeneca/Oxford, Novavax ҳамда Гамалея вакциналарини сотиб олади. Шунингдек, Европа Иттифоқи 1,4 миллиард доза, АҚШ 1 миллиарддан ортиқроқ доза вакцина сотиб олиш бўйича келишувларга эга.

Бу борада аҳоли жон бошига вакцина бўйича энг катта қамров Канадада. 38 миллион аҳолига эга мамлакат 214 миллион доза, яъни аҳоли сонига нисбатан 303 фоиз қамровда Novavax/Sanofi, Moderna, AstraZeneca/Oxford, Medicago, Pfizer/BioNTech, Johnson & Johnson компанияларининг вакциналарини сотиб олган.

Ўзбекистон эса 70 миллион доза (110 фоиз қамров) вакцина бўйича келишувга эга. Шартнома фақат Гамалея билан тузилган.

Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Отабеков Халқаро пресс-клуб сессиясида Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тасдиқлаган вакциналарни сотиб олиши ҳақида маълум қилганди.

«Қайси вакцинани харид қиламиз? Албатта, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олган ва самарадорлиги исботланган вакциналар Ўзбекистон томонидан харид қилинади. Харид қилинишидан аввал тендер ўтказилади. Қайси вакцина сифатли бўлса, самарадор деб баҳоланган бўлса, ўша вакцина харид қилинади», – деган эди Нурмат Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирча ЖССТ фақатгина Pfizer ҳамда BioNTech компаниялари ишлаб чиқарган вакцинани фойдаланиш учун маъқуллаган.
Маълумот учун, Гамалея институти коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқарган. Ҳозирда вакцинадан фавқулодда фойдаланишни Россиядан ташқари Аргентина маъқуллаган.

Вакцина клиник синовлари учинчи босқичининг оралиқ таҳлил натижалари 92 фоиз самарадорликни ташкил этишини кўрсатди. Декабрь ойи бошларида вакцина иккита компонентининг максимал нархи маълум қилинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)