19:17 / 21.01.2021
3 243

Жаҳонгир Отажонов сайловда қатнашиш истаги учун уни қоралаганларга мурожаат қилди

Жаҳонгир Отажонов сайловда қатнашиш истаги учун уни қоралаганларга мурожаат қилди
Санъатни тарк этганини айтган Жаҳонгир Отажонов 20 январь куни Instagram’даги саҳифаси орқали Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги президентлик сайловларида ўз номзодини қўйиш истаги борлигини маълум қилди. Хонанданинг ушбу қарорига ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари турли муносабат билдирди.

Кимдир ундан сиёсатчи чиқмаслигини айтиб, уни бу фикридан қайтаришга уринди, яна кимдир уни қўллаб-қувватлади. Изоҳлар орасида хонанданинг шаънига ҳақоратли сўзлар ёзиб қолдирилган ҳолатлар ҳам учради. Жаҳонгир Отажонов хейтерларига яна бир видеомурожаат қолдирди ҳамда унда давлатни бошқариш машаққатлари ҳақида сўз юритди.

«Кеча қалбимдаги бир ниятимни сизлар билан бўлишдим. Албатта, бунинг орқасидан фитна деб бўлмас, лекин шунга яқин фикр билдирганлар бўлди. Кимлардир мени ҳақорат қилди. Зотан, Аллоҳ таоло бир-биримизга нисбатан бундай сўзларни ишлатишни маъқулламайди. Буни кўпчилик менинг мусиқадан кетганимнинг сабаби шу экан, динни ниқоб қилиб, одамларга яхши кўриниб, кейин бу ишларни режа қилган экансиз, деган изоҳларни ўқидим.

‘Кругозор’ни кенгроқ олиб, замонавий фикрлаш керакки, унақа ишлар бўлмайди. Динни ниқоб қилиб, одам унақа ишларни бўйнига ололмайди. Зотан, президент бўлиш — бу бахт эмас. Президент бўлиш — бу дўзах! Нимага дўзах? Чунки бу нарсанинг жавобгарлиги бор! Бир давлатнинг президенти бўлган одам, шу давлатда нечта одам бўлса, ўша инсонларнинг ҳар биттасининг нимага ҳақли эканини билмагани учун қанчалик Аллоҳнинг олдида жавоб беришини сизлар тасаввур қила олмайсизлар, мени сўкаётганингизда. Мен бахтсизлигимдан, куним ўтмаётганидан, артистлик қилиш учун президент бўламан, деганим йўқ. Мен айтдимки, Аллоҳ учун халққа хизмат қилиш ниятим бор. Аллоҳ учун Ўзбекистонни ҳар бир масалада Ўрта Осиёдаги энг зўр давлат қилиш ниятим бор.

Тўғри, менга қисмат қилиб, президент бўлиш насиб қилиб, президент бўлган давримда бу ишларни қилишга улгурмасман, буни Аллоҳ билади. Чунки, барака берувчи Аллоҳ. Шунинг учун, мен айтмоқчиманки, президент бўлиш — бу бахт эмас, президент бўлиш —бой бадавлат бўлиш эмас. Президент бу колхоз раиси эмас, давлатнинг раиси. Бошқарувчи одам. Бошқарувчи одамнинг вазифаси ҳамма нарсани тўғри, қонуний, эркинлик билан бошқариш керак бўлади. Инсонлар эркинлигини ҳурмат қила оладиган, ўзининг қонунлари, давлати Конституциясини тан оладиган. Бу нарсаларнинг жавобгарлигини тасаввур қила олмайсизлар! Президент бўлиш — йўлларни ёпиб қўйиб, ишга бориб келиш эмас.

Мен бировни ҳақорат қилмоқчи эмасман. Бутун дунё президентлари шунақа, люкс уйларда яшайди, люкс машиналарда юради. Майли, балки бу стандартдир. Мен бу нарса тарафдори ҳам эмасман, менинг ўз уйим бор. Мен Аллоҳ учун халққа хизмат қилиш ниятим бор. Нимага, чунки кўряпмиз, баъзи жойларда одамларимиз роса қийналиб яшаяпти. Тўғри, балки мен ҳам президент бўлсам, бу нарсаларга улгуриб, ҳамманинг ҳаётини яхши қила олмасман, буни Аллоҳ билади. Лекин менинг ниятим шу!», — дейди Жаҳонгир Отажонов.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)