00:17 / 22.01.2021
1 915

Ихлос илмий томондан исботланганми?

Ихлос илмий томондан исботланганми?
Савол: Зарифбой Ражабович! Врачлар ҳар доим беморларга қуйидаги ўгитни айтишни, яъни “Докторга ихлос қилсанг, тузаласан” дейишни хуш кўришади. Айтингчи, ихлос илмий томондан исботланганми?
Жавоб:
Албатта! Бироқ ихлос икки томонлама бўлиши керак. Ихлос бир томонлама бўлса, яъни беморда врачга ихлос бор-у, врачда эса йўқ. Бундай вазиятларда беморнинг тузалиб кетиши ногумон.

Савол: Бу қизиқ! Шу феномен исботланганми?!
Жавоб:
Ҳа исботланган. Биофизиклар онкологик касалликлар билан оғриган беморларда жуда қизиқ бир ҳолатни кузатишган. Бу воқеа Россияда рўй берган. Саратон касаллиги аниқланган беморни узоқ вақт самарасиз даволашади. Врачлар унинг яқинларига “Биз қўлимиздан келганини қилдик, бу касалликнинг давоси йўқ” дейишади. Кўчада ўта тушкун ҳолатда келаётган бу беморга битта монахнинг кўзи тушади. Монах ҳалиги бемордан бу хомушликнинг сабабини сўрайди. Бемор унга дардини тўкиб-сочади ва менинг яшашдан умидим жуда катта, деб йиғлаб юборади.

Монах уни тинчлантириб, битта черков борлигини айтади. Ўша черковда қандайдир илоҳий куч бор. Сен ўша жойга бориб худога илтижо қил. Ундан дардингга шифо сўра” дейди. Бемор халиги монахнинг сўзларига ва ўша черковга жуда қаттиқ ихлос қўяди. Бемор ҳар гал у ерга борганида дарддан енгиллашиб бораверади ва тузалиб кетади.

Бу ажойиботдан хайратга тушган бемор (у ўқиган илмли одам эди) қайтадан ўша шифохонага боради. Докторлар барча текширувларни ўтказиб, унда саратоннинг ҳеч қандай белгиларини топишмайди. Бемор бутунлай тузалган эди. Докторлар бу феноменга жавоб тополмай қолишади. Чунки рак ташхиси гистологик ва лаборатор текширувлар асосида аниқ қўйилган эди. Бу вазиятни яшашга бўлган катта умид ва кучли ихлос билан изоҳлаш мумкин.

Савол: Зарифбой ака. Балки бу черковда ростдан ҳам қандайдир илоҳий куч бордир. Ўша жойни бориб олимлар текширишганми?
Жавоб:
Бориб кўришган! Айнан биофизиклар бу жойни бориб текширишган ва жуда қизиқ фактга гувоҳ бўлишган. Ҳалиги беморнинг тузалганини кўрган баъзи беморлар “Мен ҳам шу черковга борсам тузаларканман” деб, бу ерга қатнайверишган. Уларнинг баъзилари тузалган, баъзиларида ҳеч қандай натижа бўлмаган. Биофизиклар ўзларининг сезгир аппаратларида ўша черковда ва унинг атрофида баъзан кучли биомайдон аниқлашган, баъзида ҳеч қандай биомайдон бўлмаган. Бу ерда биомайдоннинг бир куни кучли, бир куни кучсиз бўлиб туришини аниқ исботлаб бериша олмаган.

Савол: Нима учун биомайдон ўзгариб турган? Нега баъзилар тузалган-у, бошқа бировлар тузалмаган?
Жавоб:
Бу мақола 10 йиллар олдин қайсидир илмий журналда босилиб чиқувди. Олимлар кузатишда давом этмоқда.... деб, кейин ҳеч қандай хабар бермай қўйишди. Менимча, тузалишга қаттиқ ихлос қўйган беморлар борган куни ўша черковда кучли биомайдон юзага келган, “қани мен ҳам бориб кўрайчи, зора тузалсам” дегувчилар борганда биомайдон ўта суст бўлган.

Савол: Кулади! Зарифбой ака! Балким биомайдон пайдо бўлган куни бориш керакдир?!
Жавоб:
Мен жиддий гапираяпман. Номи билан “биомайдон”. “Био” – тирик мавжудотларга нисбатан ишлатиладиган ибора. Тирик мавжудот бўлмаган жойда биомайдон ҳам юзага келмайди. Ижобий ва салбий биомайдонлар бўлади. Менинг фикримча, ихлос қўйган одамлар борган куни ҳалиги черковда кучли ижобий биомайдон пайдо бўлган ва рак хужайраларини йўқ қилиб соғлом хужайралар ривожланишига йўл очиб берган.

Ихлоси йўқлар борган куни салбий хусусиятга эга бўлган биомайдон юзага келган ва ҳеч қандай натижа бўлмаган. Мен бу феноменни бошқача тушунтириб бера олмайман. Сиз оддий “Зумрад ва қиммат” мултфилмини эсланг. Зумрад ўрмонга ўша яхши кампирнинг ёнига ихлос билан борди ва кўп нарсага эга бўлди, Қиммат ҳам яхши кампирнинг олдига бошқа ният билан борди-ю, у билан ёмон воқеалар рўй берди.

Савол. Раҳмат! Фикрингизни тушундим. Сиз ихлос икки томонлама бўлиши керак деганда, нимани кўзда тутдингиз?
Жавоб:
Ихлос албатта икки томонлама бўлиши керак. Мана мен ўзим билан боғлиқ воқеаларни айтиб бера қолай (бундай воқеалар “Асаб ва руҳият” номли китобда кўп келтирилган). Жуда чарчаган пайтларда бемор билан юракдан гаплашишга вақт бўлмайди, унга эътиборим пасайиб қолади, шогирдларга ҳам оддий кўрсатмалар бераман.

Шундай пайтларда натижа жуда суст бўлган. Бўлмаса ташхис тўғри қўйилган ва зарур дорилар тўғри ёзилган. Шу ҳолатни беморга бўлган ихлоснинг камайганидан деб билаверинг. Демак, беморда ҳам, врачда ҳам ихлос бўлгандагина касалликни енгувчи кучли биомайдон юзага келади. Врач ўта кучли бўлса-ю, унда беморни тузатишга нисбатан ихлос бўлмаса, самарасиз ҳолатни кутаверинг.

Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)