07:00 / 21.02.2021
693

Шавкат Мирзиёев: «Пулидан қатъи назар, халқимизга керакли миқдорда вакцинани етказиб, олиб келамиз»

Шавкат Мирзиёев: «Пулидан қатъи назар, халқимизга керакли миқдорда вакцинани етказиб, олиб келамиз»
Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 26-сессиясида аҳолини коронавирусга қарши эмлаш масаласига тўхталди.

«Мана, эмлаш тўғрисида кўп-кўп гаплар бўляпти. Албатта, биз ҳам Европа, Хитой, Россиядаги ҳамкорларимиз билан вакцина бўйича ишлаяпмиз. Ҳамкорлик қилиб, албатта, олиб келамиз.

Эмлаш чораларини, албатта, кўряпмиз. Уни ҳам шошилиб қилиш мумкин эмас. Мен ҳозир ўзим ҳар ҳафтада 2-3 кун ўтираман: қайси вакцина энг маъқули? 3 триллион пулни захира қилиб қўйганмиз.

Унинг (вакцинанинг) энг маъқулини топамиз. Бизнинг иқлимимизга мос, халқимизга фойдаси кўпроқ бўладиган вакцинани сотиб оламиз. Етти марта эмас, ота-бобомиз айтганидек, ўн марта ўлчаб, бир марта кесамиз. Халқимизнинг саломатлигини ўйлаш мен учун энг катта масалалардан бири.

Синовларни ўтказяпмиз. Қайси синов маъқул бўлса, пулидан қатъи назар, халқимизга керакли миқдорда бу вакцинани албатта етказиб олиб келамиз
», – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланиши маълум қилинган. Бунда биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланади ва у фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилади. Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёши катта ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари вакиллари коронавирусга қарши бепул эмланади.

Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: «Пулидан қатъи назар, халқимизга керакли миқдорда вакцинани етказиб, олиб келамиз»