19:15 / 27.02.2021
752

Самарқандлик олимлар ўпканинг сурункали обструктив касаллиги асосан эркакларда учрашини аниқлади

Самарқандлик олимлар ўпканинг сурункали обструктив касаллиги асосан эркакларда учрашини аниқлади
Фото: Google Photos
Бутун жаҳонда, шу жумладан, республикамизда экологик вазиятнинг ёмонлашуви оқибатида нафас олиш тизими касалликларига чалинган беморлар сони кўпайиб бормоқда. Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда нафас олиш тизими касалликлари биринчилар қаторида туради. Кейинги 10-15 йиллар ичида сурункали ўпка касалликларига чалинган беморлар сони уч бараварга ошган.

Ўлим кўрсатгичи бўйича эса нафас олиш тизими касалликлари юрак қон-томир касалликларидан кейинги ўринни эгаллаб келмоқда. Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги йиғма тушунча бўлиб, ўзида сурункали обструктив бронхит ва ўпка эмфиземасини бирлаштиради.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ходимлари ўпканинг сурункали обструктив касаллигининг қарияларда клиник кечишининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш учун тадқиқот ўтказди. Тадқиқотдан кўзланган мақсад Самарқанд вилоятида ўпканинг сурункали обструктив касаллигининг кекса ёшдаги беморларда клиник кечишининг ўзига хос хусусиятларини ва асоратларини ўрганишдан иборат.

Қўйилган вазифани амалга ошириш мақсадида умумий ички касалликлар бўлимларида ётиб даволанган 60—74 ёшли 80 нафар беморнинг касаллик тарихи статистик қайта ишланди ва кўриб чиқилди. Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги билан касалланган кузатувдаги беморлардан 65 (81%) нафари эркаклар, 15(19%) нафари аёлларни ташкил этди.

Олинган маълумотлар шуни кўрсатдики, Самарқанд вилоятида яшовчи кекса ёшдаги кишиларда, яни 60—74 ёш ва ундан катта ёшларда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги билан касалланганлар бошқа ёшларга қараганда кўп учраши ва асоратларнинг кўп юзага келиши ҳамда касалликнинг оғир кечиши аниқланди. Клиник текширишда лаборатор-инструментал текширувлардан балғам таҳлили, ўпканинг рентгенографияси, ЭКГ, спирография, спирометрия текширувларига алоҳида эътибор берилди.

Самарқанд вилояти шифохоналарида даволанган ўпканинг сурункали обструктив касаллигига чалинган кекса ёшдаги беморлар касаллик тарихлари таҳлил қилинганда, касалликнинг асосан эркак беморларда учраши, кўп ҳолатларда бу касалликнинг чекиш билан боғлиқлиги, бундан ташқари атроф-муҳитнинг ифлослангани ва вирусли инфекциялар таъсири натижаси эканлиги аниқланди.

Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги кекса ёшдаги беморларда кўп ҳолларда қўшимча касалликлар билан бирга келиши, касалликнинг оғир кечиши ва турли оғир асоратларга олиб келиши кузатилди. Шулар ва бошқа барча ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги бор кекса ёшдаги беморларни даволашда тавсия этиладиган дори воситаларининг тўғри тавсия этилиши, дозалари ва давомийлигини ҳисобга олиш, дориларнинг ножўя таъсирларини камайтириш йўлларини қилиш тавсия этилади.

Элбек Шерматов тайёрлади.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Самарқандлик олимлар ўпканинг сурункали обструктив касаллиги асосан эркакларда учрашини аниқлади