14:09 / 06.03.2021
1 459

Бухорода ўндан ортиқ эркакка ОИТС юқтирган аёл қамоққа олинди

Бухорода ўндан ортиқ эркакка ОИТС юқтирган аёл қамоққа олинди
Ўзида мавжуд ОИТС касаллигини қасддан 10 дан ортиқ кишига юқтирган Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида яшовчи 27 ёшли аёл Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов маълум қилди.

Таъкидланишича, фуқаро Х.Д. жорий йилнинг 1 март куни Бухоро вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда қўлга олинган. Маълумотга кўра, у 2017 йилнинг 21 декабрь кунидан бошлаб, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари томонидан ОИВни юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олинган. Шунингдек, ОИВ инфекциясини бошқа шахсларга қасддан юқтирганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида огоҳлантирилган.

Х.Д. тилхат асосида олинган огоҳлантирувга қарамасдан, ўзининг ОИВ инфекциясига чалинганини била туриб, 2020 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг февраль ойига қадар 10 дан ортиқ шахслар (Р.Ш., Р.Б., А.Ж., С.Ш., Ҳ.Б., Ш.А., Э.А., Ҳ.Д. ва бошқалар) билан Бухоро шаҳрининг турли жойларида жинсий алоқада бўлган. Унинг ушбу шахсларга ОИВ инфекциясини қасддан юқтириш ва юқтириш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилгани аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан фуқаро Х.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддаси (Таносил ва ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш), 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу моддага мувофиқ, айбланувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёҳуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёкиуч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Айни пайтда фуқаро Х.Д. нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Бухорода ўндан ортиқ эркакка ОИТС юқтирган аёл қамоққа олинди