18:54 / 27.03.2021
2 110

Тошкент—Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш учун қанча маблағ сарфланиши маълум бўлди

Тошкент—Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш учун қанча маблағ сарфланиши маълум бўлди
АОКАда ўтказилган брифингда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги масъул ходими Фаррух Ғаффоров Ўзбекистонда пулли трассаларни қуришга оид маълумотлар билан бўлишди.

Маълум қилинишича, Тошкент—Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослар (DTIА) Жаҳон банки консултантлари томонидан ишлаб чиқилган ва 2020 йилда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган.

Лойиҳа бўйича «Инвестициядан олдинги тадқиқот» (Pre-investment study)ни ўтказиш бўйича консултантни аниқлаш ишлари бошланиш арафасида. Бир йилдан кўпроқ муддат давомида ўрганиш ишлари ўтказилгандан сўнг, халқаро тендер эълон қилинади. Шунингдек, ўрганиш ишлари давомида аҳолидан мазкур лойиҳага ва йўлдан фойдаланиш учун тўловга муносабати сўровнома орқали аниқланади.

Лойиҳалар бўйича ҳали қурилиш ишлари бошланмаган. Икки босқичли очиқ ва шаффоф тендер асосида танланган халқаро инвестор билан ДХШ тўғрисидаги битим имзолангандан кейин қурилиш ишлари бошланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан ошади. 340 километрли йўл учун умумий қурилиш даври қурилиш кетма-кетлигига кўра 5-10 йилни ташкил этиши мумкин.

Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўлдан фойдаланиш нархлари енгил автомобиль ва енгил юк машиналар учун тахминий нарх 5 ва 7 АҚШ доллари, юк машиналари ва автобуслар учун 15 АҚШ доллари этиб кўрсатилган.

ДХШ тўғрисидаги битим тахминан 40 йил муддатга тузилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа бўйича Президент қарори қабул қилиниши кўзда тутилган бўлиб, мазкур қарорда йўлдан фойдаланувчилар учун нархлар ўзгариши ёки тўловниннг маълум қисми субсидия ҳисобига қопланиши ёхуд йўлнинг бепул бўлиши ва имтиёзга эга бўлган фойдаланувчилар рўйхати шакллантирилиши масалаларига аниқлик киритилади.

Ғаффоровнинг сўзларига кўра, пулли трассаларни қуриш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмайди.

Тошкент—Самарқанд пулли автомобиль йўли бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки консултантлари билан битим имзоланган ва ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа умумий капитал харажатлари тахминан 1,5 миллиард доллардан ошади. 300километрли йўл учун умумий қурилиш даври қурилиш кетма-кетлигига кўра 5-8 йилни ташкил этиши мумкин.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўлдан фойдаланиш нархлари енгил автомобиль ва енгил юк машиналар учун тахминий нарх 5 ва 7 АҚШ доллари, ва юк машиналари ва автобуслар учун 15-20 АҚШ доллари этиб кўрсатилган.

ДХШ тўғрисидаги битим тахминан 30 йил муддатга тузилиши кўзда тутилган. Лойиҳани молиялаштириш давлат бюджетидан эмас, асосан, хусусий шерик, яъни хорижий инвестор томонидан амалга оширилади.

«Шуни таъкидлаш лозимки, ҳали мазкур лойиҳалар бўйича аниқ белгиланган маршрут ва нархлар мавжуд эмас. Сўнгги тасдиқланган рақамлар ҳукумат ва инвесторлар ўртасида тузиладиган келишув асосида аниқ бўлади. Айтилган рақамлар халқни амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар бўйича умумий тушунчага эга бўлиши учун маълум қилинди», — дейилади хабарда.

Халқаро тажрибага кўра, пуллик йўл қурилганда одатда аҳоли учун бепул альтернатив йўл сақланиб қолади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент—Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш учун қанча маблағ сарфланиши маълум бўлди