11:06 / 29.03.2021
1 757

«Халқлар дўстлиги» саройи раҳбари: «Миллион»да 9 кишида, «Муқаддас аёл»да 6 кишида коронавирус аниқланди

«Халқлар дўстлиги» саройи раҳбари: «Миллион»да 9 кишида, «Муқаддас аёл»да 6 кишида коронавирус аниқланди
Фото: «Дарё»
«Халқлар дўстлиги» саройи раҳбари Исроил Ғуломов «Миллион» жамоаси аъзоларининг тўққизтасида, «Муқаддас аёл» концерти иштирокчиларининг олти нафарида коронавирус аниқланганини маълум қилди. Бу ҳақда Исроил Ғуломов «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида айтиб ўтди.

- "Санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда 18 февралдан концерт дастурларини бошлаб олдик. Келаётган ҳар битта томошабинларнинг ҳарорати текширилади, ҳарорати юқорилар киритилмайди, ниқоб тақишга ҳам қаттиқ эътибор қаратяпмиз. Ниқоби йўқларга ниқоб беряпмиз, қўлларига антисептик воситалар сепиб киритяпмиз.

Яқин бир ой мобайнида 150 мингга яқин томошабин ташриф буюрган бўлса, ҳали бирорта ҳам шикоят тушгани йўқ. «Саройдан касал чиқди» деган гапнинг ўзи йўқ. Бундан ташқари, ҳар битта концертда саҳнага чиқадиган санъаткор, ишчи гуруҳ, ижодий жамоа вакиллари тестдан ўтиб чиқишмоқда. Тест ҳам саройнинг ўзида олиняпти, махсус лаборатория ташкил қилинган.

Масалан, «Миллион» жамоасини олайлик. Жамоадагилар биринчи марта тест топширганида 9 кишида вирус аниқланган. Улар касалликни бошидан ўтказиб, даволаниб бўлишган экан. Гап шундаки, лабораториямиз олти ой аввал касал бўлганларни ҳам аниқлаб беради.

«Муқаддас аёл» концерт дастурида 6 кишида вирус аниқланди ва улар дастурга киритилмади, даволанишга юборилди, концерт дастури рўйхатидан эса олиб ташланди.

Ҳар бир санъаткор ёки гуруҳни икки кун олдин текшириб, кейин киритяпмиз. Юлдуз Усмонованинг концертида ҳам ижодий жамоанинг 100 дан ортиқ аъзолари тест топширди, ҳаммаси яхши чиқди. Ҳеч кимда ёмон аломат сезилмади.

Концерт залида ниқобини тушириб олган одамларни огоҳлантирсак, тўғри қабул қилишмоқда. Бу қувонарли ҳолат. Фақатгина ошхонада ниқоб ечиш мумкин, шунда ҳам оралиқ масофа сақлаган ҳолда. Ҳар икки-уч минутда санитария қоидаларига амал қилиш тўғрисида огоҳлантириб турамиз.

Битта яхши томони борки, келаётган одамларни кўриб ҳавасингиз келади. Чиройли кийинган, пардоз-андоз қилган, юқори кайфиятда. Иккита жойга инсонлар тоза-озода бўлиб боради: бири концертга, иккинчиси масжидга.

Пандемиядан кейин битта нарсага эътибор бердимки, концертга болаларни олиб келиш камайди, бу яхши ҳолат. Рекламаларимиз, гапларимиз таъсир қилган кўринади. Чунки болалар учун алоҳида томошалар бор. Бундан ташқари, болалар концерт вақтида ота-онасига ҳам халақит беради. Ҳозир залда юришлар ҳам камайди, концерт пайтида кириб-чиқиш кўп бўларди, ҳозир бу ҳолат ҳам анча яхшиланди. Масалан, биз қўяётган эълонларимиз, реклама роликларимиз, санъаткорларнинг гаплари одамларга таъсир қиляпти, одамлар тинглашяпти
", - дейди «Халқлар дўстлиги» саройи раҳбари Исроил Ғуломов.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Халқлар дўстлиги» саройи раҳбари: «Миллион»да 9 кишида, «Муқаддас аёл»да 6 кишида коронавирус аниқланди