13:00 / 29.03.2021
1 556

Депутатлар Алишер Қодиров ва Расул Кушербаев ЛГБТ тарғиботига қарши «юмшоқ жазо»ни кучайтиришга чақирди

Депутатлар Алишер Қодиров ва Расул Кушербаев ЛГБТ тарғиботига қарши «юмшоқ жазо»ни кучайтиришга чақирди
Фото: «Миллий тикланиш» партияси
Ўзбекистонда бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар 28 март куни ўз норозиликларини билдириш мақсадида Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбони олдида тўплангани тўғрисида хабар берилганди. Кейинроқ Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ЛГБТ фаолларига қарши норозилик ҳолатидан сўнг 12 киши ушланганини маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ўзининг Telegram’даги каналига Тошкентда бесоқолбозларнинг провакацион митингини ўтказишга ҳаракатлар бўлаётганини ёзиб қолдирди.

- "Шу кунларга ҳам етиб келдик, афсус... Ғурурсиз, шарафсиз ҳаётни ўлимдек кўрган миллатнинг эркаклари ичида ҳам эркакликдан маҳрум сўтаклар борлигини исботладингиз...

Тошкентда бесоқолбозларнинг провакацион митингини ўтказишга ҳаракатлар бўляпти. Бу провакацияга алданиб, эътироз учун йиғилганларнинг бир қанчаси суриштирувлар учун ушланган. Тартиббузарларга тегишли чора кўрилиши аниқ, лекин масала бошқа томонда... Оддийгина митинг ҳақида гап кетмаяпти. Бу миллат қадриятлари ва жамиятнинг фундаментал устунларига майда майда, лекин йирик ниятлар билан урилаётган зарбадир.

Бу ҳолат Жиноят кодексининг 120-моддасини янада кучайтиришга эҳтиёж борлигини яққол кўрсатди.

Модда бесоқолбозлик, ЛГБТ ғояларини ҳар қандай шаклда тарғиб қилишни тақиқлаш керак. Албатта, жазо жуда юмшоқ. Бу модда санкциялари мажбурий даволаш, озодликдан маҳрум этиш, мамлакат фуқаролигини бекор қилиш, мамлакатдан бадарға қилишгача кўзда тутиши керак.

Ўзбекистон халқи сиздеклар билан бир давлатда яшашни истамаса, буни қонунда акс этиши кераклиги жуда ҳам табиий ҳолат.

Террорчилардек ғурурсизларнинг ҳам миллати бўлмайди! Сизларни рад этамиз! Ўзбекистон сиздеклар яшай олмайдиган юрт бўлиши учун ҳамма нарсани қиламиз. Миллатимизга оқ бўлинг, шарафсизлар!
", - дейди Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Расул Кушербаев ҳам мазкур ҳолат юзасидан ўз фикрлари билан бўлишган. У ЛГБТ масаласига қарши эканлигини, бироқ бунга нисбатан ҳеч бир ҳаракатида куч ёки зўравонлик ишлатишга чақирмаганини таъкидлаган.

Депутатнинг ёзишича, сўз эркинлиги жисмоний куч ишлатиш ёки «провакация»га чорлаш дегани эмас.

- "Афсуски, Амир Темур хиёбонида бўлиб ўтган тартибсизлик сўз эркинлиги чегарасини очиқчасига бузиш ва омма ўртасида ихтилоф чиқариш йўлидаги ҳаракат бўлди. Балки, айрим яширин кучларнинг мақсадига етиш учун айни муддао бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ ҳозир гап бу ҳақдамас.

Сўз эркинлиги шуки, бунда сиз эшитишни истамаган шахсларнинг фикрига қўшилмасангиз ҳам унга тоқат қилиш ва позициянгизни ғоялар баҳсида ҳимоя қилишдан иборат. Ва бу ҳеч қачон шахсиятга ўтиш ёхуд «провакация» орқали куч ишлатишга олиб келиши керакмас. Агар бу чегарани бузсангиз, демак сўз эркинлиги сиз учунмас. Айнан шу нуқтада сўз эркинлигининг чегараси тугайди. У ёғи эса қонунан жавобгарликка сабаб бўлувчи тартибсизлик ва ҳақоратга олиб бориши мумкин.

Агарки жамият буни қабул қилолмаса, демак, сўз эркинлиги тушунчасини англаш ва ундан фойдаланишга маънан ҳақли эмас.

ЛГБТ масаласида жамиятнинг аксари фикр орқали ўз позициясини билдирмоқда. Ва табиатан аёл ва эркак сифатида дунёга келиб, табиий равишда умр кечираётган сайловчиларимнинг фикри ҳамда ўзимнинг шахсий қарашларимдан келиб чиқиб мен ҳам бунга ўз муносабатимни билдирдим: ЛГБТ масаласига қаршиман.

Бироқ биз ҳеч бир ҳаракатимизда бунга нисбатан куч ишлатиш ёхуд тартибсизлик қилишга чақирмадик. Биз ўзимизга ёқмаса ҳам уни мустақил фикр сифатида тоқат қилиб тинглашга бурчлимиз.

Чунки фуқаролик жамиятида фикрлар хилма-хил бўлишини табиий қабул қиламиз. Ва буни фуқаролик жамияти шароитидаги жамоатчилик назоратининг муҳим инструменти сифатида биламиз. Бу инструментга путур етишини истамаймиз.

Бир ҳақиқат аниқ: биз эшитишни истамаган фикр ва қарашлар, муаммоли масалалар ҳеч қачон куч ишлатиш ва тартибсизлик қилиш йўли билан ҳал қилинмайди.

Шу боис бўлиб ўтган тартибсизликни жамиятнинг онгли аъзоси сифатида ҳеч қачон оқлай олмайман. Ва барчани «оломон жамият» қиёфасини кўрсатмай, муаммоларни босиқлик билан «диалог» орқали ҳал этадиган маданиятли мамлакат фуқаролари сифатида намоён қилишга чақириб қоламан. Биз асли бундай эмасмиз-ку!

Тартибсизлик, «оломонлик» ва «провакация»га йўл қўймайлик!

Тартиббузар ва бунга чорловчи «провакатор»ларга эса қонуний чора кўрилишини сўраб қоламиз
", - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Расул Кушербаев.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Депутатлар Алишер Қодиров ва Расул Кушербаев ЛГБТ тарғиботига қарши «юмшоқ жазо»ни кучайтиришга чақирди