14:21 / 16.04.2021
2 006

«Сериаллар орқали аёлларга нисбатан қандай зуғум қилишни ўргатиб қўйяпмиз» – АОКА


Жорий йил 15 апрел куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати биносида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан «Оммавий ахборот воситаларида берилаётган медиа маҳсулотларни гендер экспертизадан ўтказиш масалалари: қонунчилик ва амалиёт» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи Маъмур Парпиев турк сериаллари ҳақида фикрларини айтди.

«Ўтган йилги дастлабки 9 ой давомида ОАВда берилаётган медиа маҳсулотлар мониторинг қилинганда, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ, зўравонлик тарғиб қилинган материаллар сони 580тани ташкил қилган. Бу ҳолатлар телеграм мессенжери ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида бошқа ОАВ турларига нисбатан салмоғи кўпроқ. Масалан, термизлик аёлнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолати бўйича илк манба интернет сайт ҳисобланади. Шунга асосланиб, бутун жамоатчиликнинг эътибори воқеликка қаратилди ва медиа шу хабар билан тўлди. Бу ҳам ижобий, ҳам салбий оқибатларга олиб келади.

Ўтган йилги пандемия туфайли сериаллар намойиш этилиши кўпайди, чунки одамлар кўпроқ вақтини уйда ўтказди. Шу даврда эфирга кетган сериаллар, айниқса, турк сериаллари оилада зўравонлик тарғиб қилинишига сабаб бўлди. Масалан, турмуш ўртоғи бўла туриб, бошқа эркак билан ишқий муносабатда бўлган аёл ижобий қаҳрамон бўлиб эфирга кетяпти.

Аёлларга нисбатан зўравонлик ишлатилиши ҳолатлари нафақат хориж, балки миллий сериалларимизни ҳам четлаб ўтмаган. Бу клип ва фильмларга кўчди. Телеканалларга тавсиявий характерда ушбу материалларни бермасликни айтамиз, уларга берган маҳсулотларида маълум қонунчилик талабларига зид ҳолат кузатилаётгани ҳақида хабар берамиз. Қайсидир ОАВ бундан хулоса чиқаради, айримлари эса аксинча.

Феврал ойидан бошлаб хориж сериалларини бир кунда бир маҳал бериш бўйича кенгаш қарори чиқди. Улар ўрнига миллий сериаллар сонини кўпайтириш талаби қўйилди. Бундан ташқари, бир неча турк сериалларида хотин-қизларга нисбатан зўравонлик тарғиб қилинаётгани ҳақида агентликка кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Хориж сериалларини эфирга бериш орқали оилаларда зўравонлик қилиш нормал ҳолат эканлигини кўрсатиб беряпмиз. Масалан, хориж ва айрим миллий сериалларини бериш орқали ёш оилаларга ўзаро муносабатларда аёлларга нисбатан қандай зуғум қилишни ўргатиб қўйяпмиз.

Бундай ҳолатлар кейинчалик рўй бермаслиги учун ОАВда гендер тенглиги нималигини тушунадиган мутахассисларни тайёрлашимиз, ҳар бир ОАВ қошида бадиий кенгашлар ташкил қилиниши лозим», – деди Парпиев.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Сериаллар орқали аёлларга нисбатан қандай зуғум қилишни ўргатиб қўйяпмиз» – АОКА

Жамият янгиликлари