09:00 / 19.04.2021
2 202

Вазир қонунлар ҳаммага бирдек қўлланиши кераклиги ҳақида гапирди



Адлия вазири Русланбек Давлетов / Фото: YouTube/Hoshimov Iqtisodiyoti
Адлия вазири Русланбек Давлетов иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатда қонун устуворлигига тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларга тўхталиб ўтди. Вазир қабул қилинган қонунлар ҳамма учун баробарлиги, аммо ижро масаласида камчиликлар кўплигини айтиб ўтди.

Мажбурий меҳнат – феодал тузум сарқити
Вазир яқингача оддий ҳолдек қараб келинган мажбурий меҳнат аслида олдин ҳам қонун бузилиш ҳолати ҳисоблангани, аммо ўша даврда ҳам, ҳозир ҳам қонунлар ижросини тўлиқ таъминлашга эришилмаганини айтиб ўтган.

«Мажбурий меҳнатни йиллар давомида оддий ҳолат бўлган, ўрганиб қолганмиз бу нарсага, деб юрганмиз. Аслида бу феодал тузум сарқити.
Бу – қонун бузилиши. Ўша пайтда ҳам қонун бузилиши эди. Фақат бунга эътибор йўқ эди. Керак бўлса, жамиятнинг тоқатсизлик иммунитети ҳам буни оддий ҳол, деб қабул қилган.

Бунга ким йўл қўйиб келган? Албатта, давлат тизими бундан фойдаланиб, эксплуатация қилиб келган. Чунки арзон ёки текин ишчи кучи бўлган. Билдикки, жуда катта ресурсларни битта соҳадан бошқа соҳага сафарбар қилиш ҳеч қанақа самара бермади. Ё давлатимизни, ё халқимизни бой қилмади. Бизга ҳеч қанақа наф олиб келмади.

Шунинг учун ҳам минг йилдан бери тасдиқланган аниқ моделлар бор. Ўзимизча янги модел ўйлаб топмаслигимиз керак. Ўша моделларнинг борини ишлатсак, ҳозир ҳам ўн баробар кучли ривожланишга салоҳиятимиз етади
», деди Русланбек Давлетов.

«Қонун ҳаммага бирдек қўлланиши керак»
Давлетов Ўзбекистон қонунларида барча фуқароларга тенглик белгилангани, аммо ижро тизимида муаммолар борлигини қайд этди.
«Қонунийлик ҳар қандай жамиятни таҳлил қилсангиз ҳам марказий аҳамиятга эга бўлган концептуал масала. Шунинг учун ҳам биз қонун устуворлиги тўғрисида кўп гапирамиз. Кўп қадамлар босяпмиз. Аммо тизимда ҳали жуда катта муаммоларимиз бор. Буни тан олишимиз керак. Кимдир адолат дейди, адолат барибир келиб қонунга тақалади.

Бизнинг қонунчилик сифат ва белгиланган норма нуқтайи назаридан универсал характерга эга.

Қандайдир элита қисми манфаатига қаратилмаган бўлса ҳам, лекин ижро билан муаммо бор. Қонунчилик бир хилда қўлланиши керак. Сиз қайси вилоят ёки туманда бўлсангиз ҳам, қонун кучига таяниб ҳаракат қилишингиз керак. Яъни ижро ҳар хил бўлса, парокандаликка олиб келади. Бу бўйича бизда ҳозир аниқ муаммолар бор. Буни тан олиб айтамиз.

Жуда кўп йўналишлар, тадбиркорлик, солиқ қонунчилиги ижросида масалалар бор. Шунинг учун ҳам ягона амалиёт, бир хил ёндашув деган принциплар бор
», дейди вазир.

Давлат органлари бир-бирини тийиб турувчи механизм ҳақида
Вазир давлат органларида бир-бирини тийиб турувчи механизмлар албатта ишлаши кераклигини таъкидлади.
«Манфаатлар тўқнашуви юзага келганида, қонун уни тартибга солиб бериши керак. Ҳар бир тизим белгиланган тартиблар асосида фаолиятини амалга ошириши лозим. Масаланинг бир томони борки, бунда қайсидир органга кўпроқ ваколат берилса, суиистеъмолчилик пайдо бўлади.

Сиз ҳозир Адлия вазирлигини кучайтириб юборинг. Масалан, мен ўзим суиистеъмол қилмасам ҳам, бизнинг тизимда 8 минг нафар одам ишлайди. У ерда ўрта ёки қуйи бўғиндаги ходимлар буни суиистеъмол қилишни бошлайди. Бу минг марта исботланган, бўлиши аниқ жараён. Шунинг учун бир-бирини тийиб турувчи механизмлар албатта ишлаши керак.

Нега суд тизими ҳар бир давлатда мустақил бўлсин, дейилади? Унга кўпроқ ишонилади? Чунки суд фаолияти очиқ бўлади. Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қарорларини ўзлари ёзиб, манфаатларини илгари сурадиган бўлса, суднинг ҳар бир қарори процессуал қонунчилик билан тартибга солинади. Унинг ўтказиладиган қарор қабул қилиш тизими ҳам очиқ бўлади. Очиқ суд мажлиси деган принциплар шунинг учун ҳам ишлаши керак. Шунингдек, жамоатчилик назорати, шаффофлик ҳам жуда катта аҳамиятга эга», дейди у.

«Шахслар катта ўрин эгалламаслиги лозим»
Адлия вазири ҳокимларнинг қарорлари бўйича тўхталиб ўтди. «Муаммоли масалалардан яна бири – инсон омилларининг борлиги. Инсон омили доим субъективизмга олиб келади. Яъни у ўша инсоннинг савияси, ҳуқуқий билимидан келиб чиқиб қарор чиқаришни бошлайди.

У қарор чиқаришни бошласа-ю, объектив стандартлар бўлмаса, адашади. Яъни институционал муносабат биринчи навбатда ривожланиши керакки, давлат ташкилотлари, институционал бўғинлар бир-бири билан муросага келиши керак.

Шахслар катта ўрин эгалламаслиги керак. Чунки биз ҳозир кўраётганимиз, аҳоли катта эътироз қилаётган нарса битта ҳоким қандайдир хатти-ҳаракат қилган, қарорлар қабул қилган бўлса, кейинги ҳоким келяпти-да бу нотўғри бўлган, чунки менинг фикримча бошқача, деб ўзининг субъектив қарашини илгари суряпти. Бундан воз кечиш керак.

Институтлар, давлат органлари бир-бири билан муносабатга киришиб ўша белгиланган қонуний нормалар асосида ўз муаммоларини ҳал қилиши керак. Шу нуқтайи назардан, ўйлайманки, қилишимиз керак бўлган ишлар кўп
», деган вазир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вазир қонунлар ҳаммага бирдек қўлланиши кераклиги ҳақида гапирди