18:55 / 01.05.2021
767

Шавкат Мирзиёев Қибрайда барпо этилаётган боғ ҳудудига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев Қибрайда барпо этилаётган боғ ҳудудига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев 1 май куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилаётган боғ ҳудудига ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент яқинида улкан манзарали боғ барпо этилмоқда. 25 февраль куни ушбу боғ лойиҳаси муҳокама қилинган эди. Бугун унга илк кўчатлар экилди.
Шу муносабат билан бу ерга парламент ва ҳукумат аъзолари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги, нуронийлар, илм-фан ва санъат вакиллари, спортчилар, ёшлар йиғилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
«Бугунги муборак Рамазон кунларида сизлар билан кўришиб турганимдан хурсандман. Халқимиз учун муносиб шароитлар яратиш бўйича кўп ишларни бошлаганмиз. Худо хоҳласа, мана шу баҳаво жойда 104 гектарлик боғ барпо этмоқчимиз. Бу хайрли ишнинг бошланиши ҳозирги улуғ айём кунларига тўғри келгани ҳам ҳосиятли, деб ўйлайман», – деди Шавкат Мирзиёев.

Янги боғ нафақат манзараси, ландшафти, балки мазмуни билан ҳам алоҳида эътиборга молик. Боғнинг умумий кўриниши худди улкан дарахтнинг бешта шохи шаклида бўлади. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифодалайди.

Боғни оддий парк эмас, энг аввало, юксак маданият ва маънавият масканига айлантириш мақсад қилинган. Бу ерда одамлар табиат қўйнида осуда дам оладиган сўлим ҳудудлар яратилади. Каштан, эман, чинор, лола, липа боғлари барпо этилиб, ноёб манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилади. Сунъий кўл, спорт майдонлари, болалар ўйингоҳлари, фавворалар қурилади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси ҳам шу ерда барпо этилади.
Президент бу мажмуанинг тарихий-ғоявий аҳамиятини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати
«Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлаймиз. Лекин давлатчилигимиз 3 минг йиллик. Бу ана шу буюк тарихни кўрсатадиган мажмуа бўлади. Бу ерга келган ёшларимиз, чет эллик меҳмонлар ҳам шуни англайдиган далиллар акс эттирилади», – деди давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев бу боғ Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, улкан салоҳиятини, кўпмиллатли халқнинг жипслиги ва аҳиллигини намоён этадиган мажмуа бўлиши кераклигини таъкидлади. Шуни ҳисобга олиб, бу муҳташам боғга «Янги Ўзбекистон» деб ном беришни таклиф этди. Йиғилганлар бу таклифни қўллаб-қувватлади.

Давлат раҳбари жамоатчилик билан бирга янги боғга кўчатлар ўтқазди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси ҳам бунёд этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Қибрайда барпо этилаётган боғ ҳудудига ташриф буюрди