15:14 / 11.05.2021
1 441

Солиқ қўмитаси ва Расул Кушербаев ўртасидаги масала судгача олиб борилмасдан тўхтатилди


Давлат солиқ қўмитаси бирлашган касаба уюшмаси вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев учрашди.
«Музокаралар давомида юзага келган вазият муҳокама қилинди. Ҳар икки томоннинг ҳам мақсади ва маслаги бирлиги, яъни мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида хизмат қилиш эканлиги таъкидланди. Масалани судгача олиб бормасдан, тўхтатишга қарор қилинди», дейилади қўмита расмий хабарида.

Депутатнинг ўзи ҳам телеграмдаги каналида қўмита вакиллари судга киритилган даъво аризаси қайтариб олинганини тасдиқлаган.

«Кеча Давлат солиқ қўмитаси бирлашган касаба уюшмаси вакиллари билан учрашдик. Музокаралар якунида Қўмита касаба уюшмаси суддан менга қарши киритган даъво аризани қайтариб олишини билдирди», дейилади постда.

Эслатиб ўтамиз, ДСҚ Расул Кушербаевдан солиқ органларига маънавий зарар етказганлиги учун 4,6 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар ундирилишини ва депутат оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериб, кечирим сўрашини талаб қилиб, депутатни судга берганди.

Бунга депутатнинг «Human.uz» ахборот порталидаги «Сўз блогерларга» кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзлари сабаб сифатида кўрсатилганди.

«Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари 22-бандида, депутат оммавий ахборот воситаларида қилган чиқишида давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги, агар депутатнинг баёнотида шундай фикрлар мавжуд бўлса, депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ва кечирим сўраши кераклиги белгиланган», – дейилганди қўмита хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Солиқ қўмитаси ва Расул Кушербаев ўртасидаги масала судгача олиб борилмасдан тўхтатилди